Бу йил 702 минг нафар бола 1-синфга борди — ўтган йилгидан 114 минг нафар кўп

Бу йил 702 минг нафар бола 1-синфга борди — ўтган йилгидан 114 минг нафар кўп

Кеча, 5 сентябр куни Ўзбекистондаги мактабларда янги ўқув йили бошланди. Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, 2022/2023 ўқув йилида 702 000 нафар бола умумтаълим мактабларининг 1-синфига қабул қилинган.

Уларга 12 турдаги ўқув қуроллари, мактаб сумкаси, дарсликлар мажмуасидан иборат Президент совғалари топширилди.

Вазирлик маълумотига кўра, унинг тизимидаги 10 085 та мактабда янги ўқув йили бошланган. Ўзбекистон мактабларида таҳсил олаётган жами ўқувчилар сони эса 6 469 737 нафарни ташкил этмоқда.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган 2021/2022 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 1-синфларига жами 587,7 минг нафар ўқувчи қабул қилинган эди. Бу рақамлар янги ўқув йилида 1-синф ўқувчилари сони 114 300 нафарга (+19 фоиз) кўпайганини кўрсатади.