Шунчаки диплом эмас. Ўзбекистонда Россия таълимига талаб ошиб бораётганининг сабаби нимада?

Шунчаки диплом эмас. Ўзбекистонда Россия таълимига талаб ошиб бораётганининг сабаби нимада?

Ёшлар бизнинг келажагимиз, деган фикр аллақачон ҳаммага ёд бўлган. Мазкур ғоя йиллар давомида   ҳар қадамда учрайдиган баннерларда акс этган бўлсада, ҳақиқат бошқача бўлиб, ҳанузгача унинг меваларини татиб келмоқдамиз. Ўқитувчилар етишмайдиган мактаблар, абитуриентлар учун жой танқис бўлиб қолган ОТМлар, ётоқхоналар йўқлиги, таълим дастурларининг воқеликдан йироқлиги ва бошқа омиллар бу таъкиднинг ёрқин исботидир.

Яхшиямки, сўнгги йилларда вазият ўзгара бошлади, хусусан, олий таълим соҳасида ҳам. Ҳукумат велосипед ихтиро қилиб турмасдан, ОТМларни ботқоқликдан чиқариш учун халқаро тажрибага мурожаат қилмоқда. Узоқ йиллар давомида маҳаллий университет ва институтлар билим олиш маскани эмас, балким диплом олиш арафасидаги тўрт йиллик таътил вазифасини бажариб келгани ҳеч кимга сир эмас. Ўқишни тугатган битирувчиларнинг бир қисми ўзга мутахассислик бўйича ишлашга йўл олса, бошқа бир қисми қўшни давлатларга отланиб келган.

Бу вазиятдан чиқиш учун қабул тизими тубдан ислоҳ қилиниб, тест синовлари видеокамералар назоратида катта майдонларда ўтказила бошланди. Шунингдек, хорижий таълим муассасаларининг филиаллари ва маҳаллий университетларда икки даражали диплом беришга асосланган дастурларнинг очилишига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистоннинг бу борадаги асосий ҳамкорларидан бири Россия ҳисобланади.

Россия дипломи мамлакатимизда ҳар доим ҳам жуда юқори қадрланиб келинган, Россия таълим стандартлари аллақачон нафақат ўзимизда, балки МДҲда ҳам иш берувчилар учун сифат белгисига айланиб улгурган. Ҳозир ҳам мураккаб геосиёсий вазиятда Россия таълими ўзининг жозибадорлигини йўқотмаяпти ва оммабоплигини оширмоқда.

Ҳозирда Россия университетларида 48,7 минг нафар ўзбекистонлик таҳсил олмоқда. Бу чет эллик талабалар сони бўйича иккинчи ўринни ташкил қилади. Бунга биринчи навбатда, мамлакатлар кўп йиллар давомида яшаб келган бир тил ва ментал макон, шунингдек, Россия Федерацияси ҳукумати квоталари бўйича ўқишга кириш ва бепул ўқиш имкониятига эга бўлган ўзбекистонлик ўғил ва қизлар учун Россия таълимининг қулайлиги билан боғлиқ.

Бу жараёнда нафақат ҳукумат квоталарини тарқатиш жараёнини назорат қиладиган, балки аксарияти мустақил равишда Россия ОТМларига ўқишга кирадиган абитуриентларни тайёрлайдиган Тошкентдаги Рус уйи катта роль ўйнайди. Ўзбекистонликларнинг Россия Федерациясида олий маълумот олишга бўлган талаб динамикаси ҳақида квота ўринларининг тез суръатлар билан ўсиб бораётгани ҳам далолат бермоқда. Агар икки йил муқаддам Россия ОТМларида ўзбекистонликлар учун бюджет ўринлари сони 228 тани ташкил этган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткични 800тага етказиш белгиланган.

Худди шу пайтни ўзида, мамлакат ОТМлари ўртасида икки даражали диплом бериш дастурлари муваффақиятли ривожланмоқда. Ушбу йўналишни фаоллаштиришга 2019 йилда таълим ва малака, шунингдек илмий даражаларни ўзаро тан олиш тўғрисида имзоланган битим туртки бўлган. Кетма-кет уч йил давомида мунтазам равишда ОТМ ректорларининг минтақалараро конференциялари, Россия-Ўзбекистон таълим форуми ва "Россия таълими" кўргазма-ярмаркаси ўтказиб келинмоқда.

Бир неча кун олдин якунланган ушбу кўргазмаларнинг сўнгисида Россиянинг 56та университети тақдим этилган.

"Россия таълими жадал ривожланмоқда ва катта чўққиларни забт этмоқда. Булар Узоқ Шарқ ва Сибирь, Урал ва Волга бўйи, Жанубий, Шимолий-Ғарбий ва Марказий минтақалар киради. Келажакда Ўзбекистонда талаб қилинадиган ҳар қандай мутахассислик ва йўналишни танлаш мумкин. Таълим соҳасидаги ҳамкорлигимиз яхши тарихга эга. Бу фақат сўнгги 30 йил эмас, бундан ҳам олдин алоқаларимиз яхши эди”, - деди Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда Россия ва собиқ совет даври университетлари битирувчилари Ассоциацияси фаол иш олиб бормоқда ва мамлакат ривожига салмоқли ҳисса қўшмоқда.

“Мамлакатларимиз президентлари яқинда айнан шу ҳақда гаплашиб олишди. Улар таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар. Филиаллар сони кўпаяди, уларда ўқитиш сифати ошади, талабалар сони ва тадқиқотчилар алмашинуви ҳам ўсади, чунки ёш олимлар, илмий мактаблар ҳамкорлиги - икки мамлакат ривожланишининг калитидир”, - дея қўшимча қилди россиялик дипломат.

Мальгиновнинг сўзларига кўра, бугунги кунда иккала мамлакат олдида катта вазифалар турибди. Ўзбекистонда учта тегишли вазирлик [мактабгача, халқ ва олий таълими] Россия билан муносабатларни ривожлантиришга катта эътибор бермоқда.

"Тўғри, бизда ҳали баъзи камчиликлар мавжуд, аммо рус тилини ўрганиш дастуридан фойдаланишни кенгайтириш нуқтаи назаридан уларни ҳал қилишга ҳаракат қиламиз. Бу Россияда ўқиш, шунингдек ўқитувчилар алмашинуви, дастурларни аниқроқ мувофиқлаштириш учун жуда муҳимдир. Менимча, бу ўсиш билан боғлиқ муаммолар ва улар албатта ҳал қилинади. Ўзбекистон ва Россия жуда яқин ва ҳеч нарса бизнинг алоқаларимизни уза олмайди, зеро, ҳозир ҳам жуда мустаҳкам боғланганмиз ва келажакда ҳам узвий бўламиз. Бу иқтисодиётимиз, илм-фанимиз, маданиятимиз ва умуминсоний муносабатларимизга тегишли масаладир", - деди элчи.

“Россотрудничество” раҳбарининг ўринбосари Павел Шевцовнинг сўзларига кўра, бугунги кунда таълим Россия ва Ўзбекистоннинг ривожланиши ҳамда улар ўртасидаги давлатлараро муносабатлар асосидир.

"Тошкент ва Москва ўртасидаги таълим соҳасидаги алоқалар, илмий ҳамкорлик, шунингдек, ёшларнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳозирги пайтдагидан ҳам жадалроқ ривожланиши керак. Россия ахборот технологияларини ривожлантиришда улкан қадам қўйди, турли йўналишларда илм-фан фаол ривожланмоқда. Россия ОТМларининг ўз ютуқлари билан ўртоқлашиш ва Ўзбекистондаги фаолиятини фаоллаштириш борасида истаги катта", - деди Шевцов.

Ўзбекистон Олий ва Ўрта махсус таълим вазирлиги халқаро алоқалар департаменти бошлиғи Шохрух Акбаровнинг айтишича, Россия ОТМлари иштирокидаги кўргазмалар таълим соҳасидаги мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик йилдан-йилга кенгайиб, мустаҳкамланиб бораётганидан яққол далолатдир.

"Ўзбекистондаги таълим кўргазмаларига келган ОТМлар ёшларимизни Россияда олий маълумот олиш имкониятлари билан таништиради. Уларнинг аксарияти бизга яхши таниш, кадрлар тайёрлашда жиддий муваффақиятларга эришган", - деди у.

Таъкидлаш муҳимки, бугунги кунда Ўзбекистонда Россия ОТМларининг 14та филиаллари мавжуд. Яна тўртта филиални очиш бўйича тегишли ташкилий ҳужжатлар тайёрланмоқда. Улар орасида, масалан, Тошкентда жойлашадиган Санкт-Петербург давлат университетининг филиали ҳам бор.

Batafsil.uz. мухбирига маълум бўлишича, жорий йилнинг октябрь ойида Жиззахда Қозон Федерал университети (ҚФУ) филиалининг расмий очилиши кутилмоқда. Дарвоқе, университетга кирувчи хорижликлар сони бўйича ўзбекистонликлар узоқ йиллардан бери биринчи ўринда туради.

"Агар ўтмишга назар солсангиз, университетимизга ҳақиқатан ҳам жуда кўп ўзбеклар кириб, битириб чиққан. Аммо сўнгги бир неча йил ичида уларнинг сони камайганини кўрамиз. Бу йил ҚФУга кирган ўзбекистонлик абитуриентлар сони деярли икки баробарга қисқарди. Ўзбекистон келаётган хорижлик талабалар сони бўйича еттинчи ўринга тушган, ҳолбуки, узоқ вақтдан бери биринчи ўринда турарди. Бироқ, бу Россия таълимига бўлган талабнинг камайганини англатмайди, бунга сабаб Ўзбекистонда кўплаб ОТМлар очилаётганидадир. Аксарият ўплаб ёшлар шу ернинг ўзида қолиб, иккита диплом олиш имкониятини танлашмоқда", - деди ҚФУ хорижлик талабаларни жалб этиш ва қабул қилиш бўлими бошлиғи Рауф Собиров.

Унинг таъкидлашича, Жиззахда филиалнинг очишда ОТМ раҳбарияти кўплаб ўзбекистонлик талабалар рус тилида таълим олишни ўз мамлакатларида исташларини тушунган.

"Энг қизиғи шундаки, ўзбекистонлик ёшлар шу йиллар давомида нафақат ўқитиш рус тилида бўлган факултетларга келишмоқда, балки ўқитиш фақат инглиз тилида олиб бориладиган соҳаларда ҳам етакчилик қилишмоқда. Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда инглиз тилини яхши билишади", - дея қайд этди суҳбатдошимиз.

Шу билан бирга, бугунги кунда университет ўзбекистонликларга рус тилини янада яхшироқ ўрганиш имконини бермоқда. Бир неча йиллар давомида ҚФУда бепул тил курслари ташкил этилган. Бундан ташқари, ўзбекистонлик абитуриентлар университетга киришдан олдин масофавий тайёрлов курсларини ўташлари мумкин. Жиззахдаги филиалда ҳам шу тизим ишлайди.

"Шуни қайд этиш жоизки, йилдан-йилга чет эллик талабалар орасида рус тилини билиш даражаси пасайиб бормоқда. Агар ўқишга кириш бўйича балларга қарайдиган бўлсак, улар анча тушган. Бизга камроқ тайёрланган ёшлар кела бошлади, аммо биз учун истеъдод соҳибларини кашф ҳам муҳимдир. Бу Ўзбекистонда филиал очаётганимизнинг сабабларидан бири ҳисобланади. Бу ерда истеъдодли ёшларни топиш, улар билан жойида ишлаш осонроқ. Жавоб ҳам шунга мувофиқ бўлади ", - дея тушунтирди Рауф Собиров.

Ўзбекистонлик кўплаб ёшлар ҳар йили ўқишга киришга интиладиган яна бир машҳур университет - бу Россия халқлар дўстлиги университети (РУДН). РУДНнинг ваколатхонаси директори Андрей Колесниковнинг сўзларига кўра, бугунги кунда университетдаги талабаларнинг энг катта жамоаси ўзбекистонликлардир.

"Биз бундан хурсандмиз, чунки булар жуда истеъдодли, иқтидорли, камтар ва маданиятли талабалар. Улар ҳақида бундай ижобий сўзларни жуда кўп ишлатиш мумкин. Шунинг учун биз Ўзбекистондан келганларни жуда яхши кўрамиз, биз доимо ўз ваколатхонамизда ҳам, таълим кўргазмаларида ҳам ўзимиз ҳақида маълумот бериб келамиз", - деди у.

РУДНдаги ўзбекистонликлар орасида тиббиёт, ҳуқуқ ва рус тили каби йўналишлар машҳур. Махсус рақамли тайёрлов факультети ўқишга киришга ёрдам бериши мумкин, бу ерда абитуриентлар онлайн ўқишади.

Қайд этиш керакки,айнан РУДНнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида Россияга кетаётган мигрантларни ўқитиш бўйича пилот лойиҳа амалга оширилмоқда. Россия Федерациясида ишлашни истаганлар рус тили, тарихи ва қонунчилиги бўйича билимларини ошириш учун махсус курслардан ўтадилар. Бугунги кунга қадар олти мингдан ортиқ киши ушбу курсларда ўқиган.

Бугунги кунда Шимолий Кавказ давлат Академиясида 400 дан ортиқ ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Энг оммабоп соҳалар - тиббиёт, иқтисодиёт, ҳуқуқ, қишлоқ хўжалиги муҳандислиги, шунингдек ИТ ҳисобланади. Фан бўйича проректор вазифасини бажарувчи Нозим Бесиловнинг сўзларига кўра, мазкур университет урганчлик ва хоразмлик ёшлар орасида жуда машҳур. Бунинг боиси шундаки, тиллар ўхшаш бўлиб, ёшларнинг мослашиши осон кечади.

"Ҳақиқатан ҳам, тил билан боғлиқ муаммолар бор, ҳамма ҳам тилни яхши билмайди. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун ўзбек тилида сўзлашадиган талабалар тайёрлов бўлимида сабоқ олишади. Бу жуда муҳимдир, улар у ерда амалий мулоқот кўникмаларини олиш имкониятига эга. Улар математика, кимё, биология фанларидан жуда яхши тайёрланган", - деди суҳбатдошимиз.

ОТМ ўзбекистонлик талабалар орасида ўқишга бўлган талабни кўриб, янада кўпроқ имконият яратишга қарор қилган. Бугунги кунга келиб, Урганч Халқ таълими бошқармаси билан бевосита ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилган. Масалан, Шимолий Кавказ давлат Академияси Хоразм вилояти абитуриентлари учун мазкур университетга қабул қилишга мақсадли тайёргарлик кўриш бўйича онлайн-мактабни ишга туширишга тайёргарлик кўрмоқда.

Омск давлат техника университети “Давлат, муниципал бошқарув ва божхона иши” кафедраси катта ўқитувчиси Констанин Молчановнинг айтишича, ўзбекистонлик талабалар ушбу университетга ҳукумат квотаси ёки ватандошларни кўчириш дастури доирасида киришлари мумкин. Бунинг учун ота-оналар СССР ҳудудида яшаган ҳужжатларни тақдим этишлари керак.

"Бу имконият ҳақида ҳамма ҳам билмайди, лекин бу бор гап", - дея тушунтирди университет вакили.

Университет машинасозлик, нефть кимёси, нефть ва газ бўлими, космик ва ахборот технологиялари каби техник мутахассисликлар бўйича таълим беради.

Ўзбекистонликлар орасида яна бир оммабоп соҳа - авиациядир. Бугунги кунда юзлаб ёшларимиз ушбу соҳани эгаллаш олиш учун Россиянинг турли ОТМларида таҳсил олишмоқда. Албатта, кириш осон эмас ва бу касб энг қийинлардан бири ҳисобланади.

Москва авиация институти халқаро лойиҳалар бўлими бошлиғи ўринбосари Татьяна Егайнинг сўзларига кўра, институтга кирувчи хорижий талабалар рейтингида биринчи ўринни хитойликлар, иккинчи ўринни ўзбекистонликлар, учинчи ўринни қозоғистонликлар эгаллайди.

"Бу йил Ўзбекистондан 21 кишини қабул қилдик. Ҳар йили университет 250 нафар хорижликларни қабул қилади. Мен тахминан тўққиз йилдан буён ишлайман ва ҳар йили рус тили ташувчилари сони камайиб бормоқда. Бироқ, Ўзбекистон ва Қозоғистон МДҲнинг барча давлатлари фонида ажралиб туради", - деди у.

Ўзбекистонда университет Тошкент давлат транспорт университети билан ҳамкорликда икки даражали диплом бериш дастурини амалга оширмоқда.

"Ўтган йили биринчи марта “авиасозлик” соҳасида бакалавриатга қабул амалга оширилди, бу йил магистрлик дастурини ишга туширдик. Иккинчи янги йўналиш- алоқа тизимидаги инфокоммуникация технологиялари ҳисобланади. Бу ерда мобиль алоқа, миноралар, антенналар, 5G ишларининг ўзига хос хусусиятлари ўргатилади", - деб тушунтирди Татьяна Егай.

Аксар экспертларнинг фикрича, Россия ёш кадрларни ривожлантириш борасида Ўзбекистонни фаол қўллаб-қувватламоқда. Иккала мамлакат ҳам бир-бири билан чамбарчас боғлиқ, шунинг учун янги авлод ўз мамлакатларининг ривожланишини ишончли давом эттириши учун юқори малакали мутахассисларга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Шу боис, таълим соҳасидаги мулоқотлар узоқ йиллар давомида Тошкент ва Москва ўртасидаги муносабатларнинг устувор йўналишлардан бири бўлиб қолаверади.