Тарбияси оғир бола — педагог ва ота-оналар учун азалий бош оғриқ. Қарийб 99% ота-она бундай муаммога дуч келишади. Лекин муомалани қайтадан кўриб чиқиш орқали бунга барҳам бериш мумкин.
Кўпинча ота-оналар бола 5 — 7 ёшга тўлиб, қилиқ ва инжиқликлари билан ҳаммани безор қилишга улгурганда шифокор ва педагогларга шикоят қила бошлашади. Бироқ болани мўмин-қобил қилиб ўстиришга ёрдам берувчи тарбия усулларини анча олдин — гўдак бир ёшга тўлар-тўлмас бошлаш керак.
Дунёдаги болалар психологлари ва педагоглари тарбиянинг асосий моҳияти қандай бўлишидан қатъи назар, якдил фикрни илгари сурса керак: фарзанд оилада ҳамиша бўйсундирувчи (етакчи) эмас, итоат қилувчи (эргашувчи) ўринни эгаллаши зарур.
Барча халқ ва замонлар педагогикасининг асосий қонуни: кичкина қушча қушлар галасини бошқармайди. Буни бошқача сўз билан изоҳлаш мумкин: бола катталарнинг инон-ихтиёрини (дод-фарёди, хархаша ва инжиқликлари ёрдамида) ўзига тобе қилолмайди. Акс ҳолда бу ота-она ва бошқа оила аъзолари томонидан йўл қўйилган аниқ ва мудҳиш хато ҳисобланади. Яна бу келгусида боланинг руҳиятига, қолаверса, бутун оилага зарар етказиши турган гап.
Бироқ ота-оналар «катталар измига юриш» дегани кичкинтойга зўравонлик қилиш ёки оила катталарига мажбуран итоат эттириш эмаслигини тушуниши лозим. Аммо бола гўдаклигиданоқ оилада ҳамма қарорларни айнан ота-она қабул қилишини ва ҳар қандай тақиқ сўзсиз бажарилиши кераклигини тушуниб етиши даркор. Бу, энг аввало, боланинг хавфсизлиги учун зарур.
Агар бу қонун бузилса, оилада қулоқсиз бола етилади...
«Қулоқсиз болалар» қаёқдан пайдо бўлади?
Боладаги хархаша ва инжиқликларга қарши курашишни ўрганишдан олдин ёқимтой миттивойлар қачон, қай тарзда терс бўлиб қолишига ойдинлик киритиш керак. Аслида фарзанд ҳулқи (қушчанинг қушлар галасидаги юриш-туриши каби), аввало, катталар муомаласи билан чамбарчас боғлиқ. «Фаришта»лар «шайтонча»га айланиб, ота-онанинг бошига чиқиб олишига сабабчи вазиятлар мавжуд. Қуйидаги ҳолатларда болалар инжиқ, қулоқсиз ва гапга кирмайдиган бўлиб қолишади:
Эътибор берганмисиз, кичкинтойлар телевизор, мебель, ўйинчоқ ёки мутлақо бегона одам қаршисида сира йиғлашмайди, хархаша қилишмайди. Гщдак қанчалик кичик бўлмасин, ҳамиша ким унинг ашуласига рақс тушишини, кимнинг асабларини дод-фарёд билан енгиб бўлмаслигини билади. Агар сиз сал бўш келсангиз, унинг инжиқликлари олдида қўл кўтарсангиз, бу феъл-атвор билан бир умр ёнма-ён яшашга мажбур бўласиз.
Бу хархашаларни қандай тўхтатиш мумкин?
Гапга кирмайдиган қулоқсиз болани «фаришта»га айлантириш аслида мўъжиза яратиш эмас. Ҳақиқатда бу педагогик «устомонлик» унчалик мушкул иш ҳам эмас, лекин ота-онадан маънавий куч, сабр ва ирода талаб этади. Муҳими, бу шунга арзийди! Мазкур усулни амалиётга қанча эрта татбиқ этсангиз, фарзандингиз шунча ювош, оғир ва вазмин бўлиб улғаяди. Шундай қилиб:
Эски тизим (аксарият ота-оналар шундай йўл тутишади): ўғилчангиз депсиниб, бошини полга уриб, ҳўнграб йиғлай бошлаган заҳоти — унинг «найранг»ига учасиз ва уни тинчлантириш учун ҳамма нарсага тайёр турасиз.
Янги тизим (қулоқсиз фарзандини қайта тарбиялашни истовчилар шунга риоя этиши даркор): қизалоқ қичқириб йиғлай бошласа, унга жилмайиб қараб қўйиб, хонадан чиқиб кетинг. Лекин бола сизнинг уни эшитишда давом этаётганингизни билиши керак. Бақиравериб чарчамагунча унинг кўзига кўринмай турган маъқул. Бақир-чақир тўхтагач (бир сонияга бўлса ҳам!), жилмайиб қайтиб келинг, унга бўлган ота-оналик меҳр-муҳаббатингизни намоён этинг. Сизни кўрган заҳоти бола яна йиғлай бошласа, сиз яна бамайлихотир хонани тарк этинг. Хархаша қилишни тўхтатган заҳоти яна қучоғингизни очиб, кулиб кириб келинг.
Бироқ буни бола бошини уриб олиб, бирор жойи оғриганидан, уни кўчадагилар хафа қилишгани ёки қўшни итдан қўрқиб кетганидан фарқлай олинг. Бундай вазиятда унинг йиғи-сиғиси табиий ҳол бўлиб, болани тушуниш керак — у сизнинг ҳимоя ва ғамхўрлигингизга муҳтож. Лекин хоҳлаган нарсасига эришиш, айтганини қилдириш учун атайлаб хархаша қилаётган болани кўтариб, қучоқлаб, ўпиб юпатиш яхшиликка олиб келмайди — бу бошқа масала.
Мазкур ҳолатда ота-она матонатли бўлиши ва «найранг»га учмаслиги керак.
Шу тариқа эртами ёки кеч бола «тушуниб етади» (рефлекс даражасида): хархаша қилганда — уни ёлғиз қолдиришади, эшитишмайди. Аммо жанжални тўхтатган заҳоти унинг ёнига қайтиб келишларини, уни яхши кўришларини ва тинглашга тайёр эканликларини англаб етади.
«Одатда болада «Бақирганимда — ҳеч кимга керак эмасман, тинчланганимда — ҳамма мени яхши кўради» барқарор рефлекс шаклланиши учун 2-3 кун вақт керак бўлади. Агар ота-она бу пайтда сабр қилса, мўмин-қобил болани тарбия қилишади, сабри етмаса, боланинг хархаша ва инжиқликларига бир умр чидаб яшашига тўғри келади!»
Тарбиядаги энг муҳим мезонлар
Бола тарбияси мавзуси — бепоён, серқирра, чексиз ва умуман оддий одамлар қабул қилиши мушкул масала. Ҳар йили дунё бўйича болалар тарбиясига бағишланган тонналаб китоб ва рисолалар чоп этилади, бироқ юз йил муқаддам бўлгани каби аксарият ота-оналар гапга кирмайдиган болалар муаммосига дуч келаверишади. Ана шу ота-оналарга муаммоларни ҳал этишда қуйидаги мезонлар асқатади.
Буни психологлар тасдиқлаши мумкин: ҳар қандай суҳбатдош, жумладан, бола ҳам (у қанчалик кичкина бўлмасин) бақирмасдан, хотиржам гапирсангиз, сизни яхшироқ тушунади.
Мўмин-қобил болани тарбиялаш, бир қарашда, унчалик қийин эмас. Ота-она шунчаки ўз хатти-ҳаракатларини таҳлил ҳамда назорат қилиши — фарзандга муносиб ўрнак бўлиши, уларнинг хархаша ва инжиқларига учмаслиги, бола билан бажонидил суҳбатлашиши, ўз қарорларини бамайлихотир тушунтириши зарур.
Ота-оналарга маслаҳатлар
Қайси тарбиялаш усулини танлаш ўз ихтиёрингизда. Биз шунчаки оилада илиқ муносабатларни сақлашга ёрдам берадиган маслаҳатларни бериб ўтмоқчимиз:
Энг муҳими — ишончини суиистеъмол қилманг. «Мен сенга ишонгандим, сен эса...» иборасини кўп ишлатиш муносабатларнинг қадрсизланишига олиб келиши мумкин.
Ш.Исроилова тайёрлади.