Баҳорги семестр учун узрли сабабларга кўра ўқишини кўчирмоқчи бўлган талабалар диққатига!

Баҳорги семестр учун узрли сабабларга кўра ўқишини кўчирмоқчи бўлган талабалар диққатига!

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг хабар беришича, узрли сабабларга кўра ўқишни кўчириш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилган.

⚠️ Ҳудудий ишчи гуруҳлари 2020 йилнинг 20 декабридан 2021 йилнинг 25 январь кунига қадар (ўша куни ҳам) фаолият кўрсатади.

Низомга мувофиқ талабалар ўқув йилининг ўртасида фақат қуйидаги узрли сабабларга кўра ўқишини кўчириш тўғрисида ариза топширишлари мумкин:

- талаба бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга доимий яшаш учун ёки турмушга чиқиш муносабати билан кўчиб ўтганда;
- талабанинг турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ҳарбий хизмат ўташ жойини ўзгартирганда;
- талабанинг ота-онаси (турмуш ўртоғи) хориждаги давлат хизматидан қайтганда.

❗️Ушбу сабаблардан бошқа ҳолатларда талабалар умумий тартибда ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар ариза билан мурожаат қилишлари мумкин. Бошқача айтганда юқоридаги 3 та сабаб бўлмаса, ўқув йилининг ўртасида ўқишни кўчириб бўлмайди.

Фуқаролар узрли сабабларга кўра ўқишни кўчириш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:

- ўқишни кўчириш бўйича ариза (ариза бланкаси ҳудудий ишчи гуруҳи томонидан берилади ва талаба томонидан жойида тўлдирилади);
- талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома ёки транскрипт нусхалари (биттаси бўлса етарли);
- паспорт нусхаси;
- юқорида қайд этилган узрли сабабларни асословчи тегишли ҳужжатлар.

Ўқишни қайта тиклаш бўйича (кўчириб тиклаш бундан мустасно) аризалар талабанинг четлатилганлигига неча йил бўлганлигидан қатъий назар бевосита муайян ОТМга тақдим этилади.