Янги дарсликларнинг савияси пастми? Соҳа вакилларининг муносабати қандай?

Янги дарсликларнинг савияси пастми? Соҳа вакилларининг муносабати қандай?

 Фото: ХТВ ҳузуридаги Республика таълим маркази

Янги ўқув йили бошланиши билан миллий ўқув дастури асосида халқ таълимига тақдим этилган мактаб дарсликлари халқимиз ўртасида кенг муҳокама қилинмоқда. Бунга биринчи навбатда, янги ўқув йили аввалида кутилмаганда мактаб дарсликлари ижараси сезиларли даражада қимматлашгани сабаб бўлди. Ижара нархига бўлган муносабат давлат раҳбаригача етиб бориб, жорий ўқув йилидан дарслик ижараси тўлиқ давлат томонидан қопланиши белгиланди.

Аммо ҳали муаммо шу билан тугагани йўқ. Ижтимоий тармоқларда тарқалган турли хабарларда янги ўқув дарсликларини ишлаб чиқаришда масъул ташкилот манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани айтилмоқда. Президент Администрацияси бу бўйича текширув бошлагани ҳам кенг жамоатчиликка ошкор этилди.

Фото: ХТВ ҳузуридаги Республика таълим маркази

Муҳокама майдонида турган дарсликлар тузилишида ҳақиқатдан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганми? Ушбу саволга албатта мутасадди идоралар жавоб беради.

Биз эса янги яратилган дарсликлар ҳақида ўқитувчи ҳамда ўқувчиларнинг муносабатлари билан қизиқдик.

Дарсликларнинг кўпчилиги мактабларга янги ўқув йили бошланишидан олдин юборилди. Албатта, фан ўқитувчиларида дарсликларни қиёслаш имконияти ҳам пайдо бўлди. Сабаби, дарсликлардаги ўзгаришларни педагоглардек яхши ҳис қиладиган соҳа ходимлари бўлмаса керак. Хусусан, Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Жиззах шаҳар 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Дилафруз Бобожонова шундай дейди:

— Анча йиллардан буён она тили ва адабиёт фанидан дарс бериб келаман. Бу йил янгиланган дарсликлар ҳақиқатдан ҳам анча ўзгарган. Ўқувчиларни танқидий фикрлашга, ҳар бир нарсани тўғри қабул қилишга мослаштирилган топшириқлар худди мактаб боласи томонидан ўйлаб чиқилгандек, уларнинг ёшига жуда мос. Она тили дарсликларида ҳам қоидалардан анча воз кечилган. Буни мен ўқитувчи сифатида тўғри деб ўйлайман. Сабаби биз ҳар йили бутун бир халқ таълимидан фақат филолог ёки тилшунос чиқармаймиз. Зотан, бундай иқтидорларни кашф этувчи ижод мактаблари очилган. Биз ўқувчиларга ҳаётида керак бўладиган нарсаларни ўргатишимиз керак. Янги дарсликлар эса худди кўнглимдагидек, ўқувчида айнан шу жиҳатларни шакллантиришга хизмат қилади.

Фото: ХТВ ҳузуридаги Республика таълим маркази

Дарсликлар мактаб ўқувчиларида ҳам ижобий натижа қолдирмоқда. Ўқувчилар дарсликларга киритилган ўзгаришларни ҳис қилишмоқда.

— Аввал зерикарли қоидалар бўларди ва нима учун қоидани ёдлашим кераклигини, уни қачон қўллашга қийналардим. Янги дарсликларда жадвалларни қиёслаш, ўзимга ёққан мавзулардаги расмларга қараб матн тузиш, виртуал ёзишмаларимиздаги хатоликларни адабий тильда тузатиш, ижтимоий тармоқларнинг ижобий ва салбий жиҳатлари ҳақида фикр юритиш кабиларни кўриб, она тилини билиш нима учун муҳимлигини билдим», — дейди умумтаълим мактабларидан бирининг 7-синф ўқувчиси.

Фото: ХТВ ҳузуридаги Республика таълим маркази

— Янги ўқув дарсликлари халқаро миқёсда ўрганилиб тузиб чиқилган, — деб таъкидлади Миллий ўқув дастури асосида «Адабиёт» дарслиги тузувчиларидан бири, филология фанлари доктори, профессор Зулхумор Мирзаева. — Кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтган дарсликлар бир неча бор таянч мактабларда синаб кўрилди. Мен фақат умумий ўрта таълим мактабларига дарслик тузибгина қолмай, аввалроқ Президент мактабларига ҳам адабиёт фанидан дарслик тайёрлаганман. Ўзим ҳам шахсан Юртбошимиз билан икки марта учрашдим. Президентимиз томонидан бевосита айтилган, соҳага киритилиши керак бўлган инновацион ўзгаришлар айнан мана шу дарсликларда ўз аксини топган. Биз бу ишни бошлашдан олдин дунё тажрибасини ҳам ўргандик. Жаҳон ва миллий тажрибани ўзаро уйғунлаштирган жиҳатларимиз ҳам бўлди.

Дарсликлар ҳамма даврда ҳам миллат келажаги бўлган янги авлодни тўғри тарбиялаш, таълим беришга замин тайёрлайди. Зеро, Ватан остонасига қадам оиладан бошланса, илм йўлига мактабдан бошланади!

Акрам Хамрақулов, «Халқ сўзи».