Смартфон эгаларини таъқиб этишнинг энг айёрона йўли аниқланди (+видео)

Смартфон эгаларини таъқиб этишнинг энг айёрона йўли аниқланди (+видео)

Технологиялар асрида шахсий маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш масаласи ҳам долзарб муаммолардан саналади. Зеро, замонавий «ақлли» қурилмаларнинг деярли барчаси ўз соҳибларининг хатти-ҳаракатларини кузатиб боради. Жумладан, смартфон таъқибидан қутулиш йўлларини аввалроқ эълон қилганмиз.

Телефон қўлдан тушиб кетиши, бирор қаттиқ нарсага урилиши туфайли унинг экрани дарз кетиши, синиши – энг кўп учрайдиган ҳолатлардан биридир. Бундай вазиятларда экранни алмаштириш учун смартфонингизни ваколатли сервис марказига ёки исталган бир устахонага олиб борасиз. Аммо янги қўйилган нооригинал экран сизнинг хавфсизлигингиз учун таҳдид туғдириши мумкин. Яқиндагина Исроилдаги Бен-Гурион университети тадқиқотчилари шундай хулосага келишди, деб ёзади AndroidInsider сайти.

Мутахассислар смартфон экрани орқали унинг фойдаланувчиси хатти-ҳаракатларини кузатиб боришнинг антиқа йўлини аниқлашди. Улар Nexus 6P смартфони учун ишлаб чиқарилган, оригинал бўлмаган дисплей модулига махсус микросхема ўрнатишди. Бу чип зиёнкор иловалар ўрнатиш, фишинг ва фойдаланувчининг смартфондаги барча ҳаракатларини кузатиб боришга хизмат қилади. Ҳатто экран ўчиқ пайти ҳам у ўз фаолиятини тўхтатмаслиги ва фойдаланувчи бундан умуман бехабар қолиши эҳтимоли юқори.

Қизиғи – тадқиқотчилар атиги 10 долларга тушадиган материаллар ёрдамида смартфонга экрани орқали «ҳужум»ни амалга ошира билишди. Бундай хавфли чип ўрнатилган экран ташқи кўринишига кўра оригиналидан умуман фарқланмайди, ҳатто мутахассислар ҳам бир қарашда унинг фарқига бора олишмайди. Яъни, сервис маркази ходимлари ҳам ўзлари фойдаланувчиларга зиёнкор микросхемали дисплейлар ўрнатиб бераётганликларидан бехабар қолаверишади.

 Демак, бугунги кунда ўз шахсий маълумотларининг махфийлигини сақлайман, деган фойдаланувчи кўп нарсани эътиборга олиши керак экан. Зеро, Intel бош директори бўлган Энди Гроув айтганидек, «Ваҳимачиларгина омон қолишади».