«Сўнгги уч йилда мобил интернет нархи 9 бараварга арзонлашди» – Шавкат Мирзиёев

«Сўнгги уч йилда мобил интернет нархи 9 бараварга арзонлашди» – Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев «Astrum» академиясида IT соҳаси вакиллари билан мулоқот қилмоқда.

Давлат раҳбари сўнгги уч йилда мобил интернет нархи 9 бараварга арзонлашганини қайд этди.

«Бунинг ҳисобига бугунги кунда IT-паркларда 14 минг нафар ёшлар юқори даромадли иш жойлари билан таъминланди.

Шу билан бирга, ўзини ўзи банд қилган IT мутахассислари сони йил бошидан 2,5 баробарга ўсиб, 43 мингга етди.

Жорий йилнинг ўзида мамлакатимизда 134 та янги, жумладан 50 та хорижий IT компаниялари ташкил этилди, экспортчи корхоналар сони эса 2 бараварга ошди.

Сўнгги уч йилда мобил интернет нархи 9 бараварга арзонлашди ва халқаро рейтингда 15-ўринга кўтарилдик (68-ўриндан).

IT хизматлари ҳажми ва экспорти бир неча баробарга ўсди.

Энг асосийси, IT касбларни эгаллаш ёшлар ўртасида трендга айланди», деди президент.

Учрашув чоғида Президентимиз эътиборни кучайтириб, ёшларимизга озгина шароит яратиб берилса, бу соҳани янада юқорироқ поғоналарга олиб чиқиш мумкинлигига ишонч билдирди.

«Бугунги мулоқотимизни ўтказиш учун "Astrum" академиясини бежизга танламадим.

Бу ерда юзлаб ёшлар энг замонавий дастурлаш кўникмаларини эгаллаётгани, айниқса, ўқиш давомидаёқ даромад топаётгани қувонарли албатта.

Бошқа ҳудудларда ҳам бундай IT академиялар ташкил қилиш истагида бўлганларнинг ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз, барча масалаларини ҳал қилиб берамиз», деди давлатимиз раҳбари.

Вилоят ҳокимларига бир ой муддатда бу ерга келиб, барча шароит ва имкониятларни кўзи билан кўриб, ўз ҳудудида камида 1 тадан шундай IT академия ташкил этиш лойиҳасини бошлашга топшириқ берилди.