Google шошқалоқлиги ортидан $100 млрд йўқотди

Google шошқалоқлиги ортидан $100 млрд йўқотди

ChatGPT жуда тез оммалашаётганидан хабарингиз бор. «Нони яримта бўлишини истамаган» Google тез орада шунга ўхшаш сервис — Bard чат-ботини ишга тушириб юборди. Аммо...

Шошқалоқлик қимматга тушди: Bard йўл қўйган битта хатони деб Alphabet (Google) акциялари қийматининг 8 фоизини ёки 100 млрд долларини йўқотди.

Акциялар нархи 8 феврал куни Ню-Йорк биржасидаги кундузги савдоларда $99,37 гача пасайган.

Bard қандай хато қилган?

Тўғридан-тўғри эфир пайти сунъий интеллектда ишловчи чат-бот (Bard)га қуйидаги савол берилди: «Мен тўққизга тўлган фарзандимга Жеймс Уэббнинг (фазодаги энг кучли телескоп, 2021 йил охирида ишга туширилган — таҳр.) қайси янги кашфиётларини сўзлаб беришим мумкин?».

Бот саволга иккита тўғри жавоб бериб, учинчисида хато қилди — Қуёш тизими ташқарисидаги экзосайёралар (Ерга ўхшаш — таҳр.) ёки сайёраларни биринчи бўлиб шу телескоп суратга олган деди.

NASA маълумотларига кўра, экзосайёранинг биринчи ҳақиқий сурати анча олдин, 2004 йилда пайдо бўлган. Сурат муаллифи — Жуда улкан телескоп (Very Large Telescope, VLT), у Европа жанубий обсерваториясига қарашли.

Ботнинг хатосига Google корпорациясининг шошқалоқлиги сабаб бўлган дейилмоқда: OpenAI (ChatGPT шуники) сингари компаниялар кириб келган бозордаги рақобат пойгасига жуда эрта қўшилган.