Телевидениеда чироқ ўчиб эфир узилиб қолди

Телевидениеда чироқ ўчиб эфир узилиб қолди

27 январ куни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг ўндан ортиқ каналида эфир тахминан бир соатга узилиб қолди. Бу соат 17:00дан 18:00гача бўлган вақт ичида содир бўлди. Кўпчилик айб телевизорда деб ўйлаганини айтмоқда.

Интернетда тарқалган хабарларга кўра, электр узатиш линиялари эскирганлиги сабабли ток узилиб қолган. Аммо ҳали расман изоҳ берилгани йўқ.

Даставвал чекка туманларда бошланган электр узилиши пойтахтга тўрт-беш йил муқаддам етиб келган. Тошкент туманларида тез-тез электр узилиб туриши сир эмас.

2019 йилнинг 27 ноябрида "Ўзбекистон 24" телеканалида сайловолди дебатлари жонли эфирга узатилаётган вақтда электр узилиши натижасида эфир беш дақиқага тўхтаб қолганди. Шу куни Тошкент метрополитенида ҳам электр узилиб чироқлар ўчиб қолган. Бунинг учун Ўзбекистон энергетика вазирлиги дарҳол узр сўраган эди.

Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати ўзининг каналида юқоридаги ҳолатга муносабат билдириб, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси жойлашган Шайхонтоҳур тумани ҳудудида 27 январь куни электр таъминотида умуман узилиш бўлмаганини айтди.