Galaxy S20 FE смартфони намойиш қилинди: фото, нарх ва хусусиятлари

Galaxy S20 FE смартфони намойиш қилинди: фото, нарх ва хусусиятлари

Samsung компанияси, ўзи ваъда қилганидек, 23 сентябрь куни Galaxy S20 FE (Fan Edition) смартфонининг тақдимотини ўтказди. Бу – кўпчилик олдин Galaxy S20 Lite модели тарзида чиқишини кутган, мухлисларга бағишланган қурилмадир.

Моҳиятига кўра, бу – Samsung Galaxy S20 туркумининг «енгиллаштирилган» версияси бўлиб, улардаги кўпгина функцияларни сақлаб қолган, аммо арзон смартфондир.

Galaxy S20 FE текис, диагоналига 6,5 дюймлик Super AMOLED дисплей билан жиҳозланган. Унинг экрани FullHD+ форматида тасвир узатади, кадр янгиланиш частотаси эса 120 герцга тенг. Селфилар учун 32 мегапикселлик камера дисплейнинг тепа қисми ўртасидаги туйнукка жойланган.

Samsung бу маҳсулотини икки хил талқинда чиқарган ва улар ўзаро процессорига кўра фарқланади. Смратфоннинг 5G-версиясига Snapdragon 865 чипсети ўрнатилган бўлса, нисбатан арзонроқ талқинида компания ўзининг Exynos 990 процессорини қўллаган. Ҳар иккала ҳолатда ҳам тезкор хотира 6 гигабайтлик, доимий хотира эса 128/256 гигабайтлик вариантларда таклиф этилади. Шунингдек, унда 1 терабайтгача ҳажмли microSD хотира картаси учун уяча мавжуд. Мазкур смартфон иккита nano-SIM картасини қўллаб-қувватлайди.

Аккумуляторининг ток сиғими – 4500 мА/соатлик, худди Galaxy S20+ флагманидаги каби. Гарчи у 25 ваттлик тезкор қувватлана олсада, қадоғида зарядчик 15 ваттлик тезкор қувватлашга қодир. Шунингдек, Galaxy S20 FE симсиз қувватлана олади ва Fast Wireless Charging 2.0 стандартига мос PowerShare тескари зарядлаш функциясига эга (яъни, бошқа гаджетларга қувват узатади).

Galaxy S20 FE бош камерасидаги 12 мегапикселлик асосий датчик оптик барқарорлаштириш хоссасига эга. Иккинчи модули эса, Galaxy S20 моделидаги сингари, 12 мегапикселлик бўлиб, кенг бурчакли объектив билан бирлашган. Бундан ташқари, унда 8 мегапикселлик учинчи сенсор телеобъективга эга – у 3 карралик оптик ва 30 карралик рақамли зумни қўллаб-қувватлайди, лекин 8K-видео ёзишга қодир эмас.

Galaxy S20 FE акселерометр, барометр, гироскоп, геомагнит сенсори, Холл датчиги, яқинлашув ва ёритилганлик датчиклари билан таъминланган. Булардан ташқари, Wi-Fi 802.11 a/b/g/n/ac/ax, Bluetooth v 5.0, USB Type-C, NFC, GPS, Galileo, ГЛОНАСС ва BeiDou каби алоқа интерфейсларини таъкидлаб ўтиш ўринли.

Арзонлаштирилган флагманда ҳам экран ости бармоқ изи сканери, AKG созламаси ва Dolby аудиотехнологиясига эга стереодинамиклар мавжуд. Компания унинг корпусини IP68 стандартига кўра сувдан ҳимоялаган. Android 10 тизимли бу смартфоннинг олти хил рангдаги корпуси 74,5х159,8х8,4 миллиметрлик ўлчамга ва 190 граммлик вазнга эга.

Samsung бу маҳсулотининг 128 ГБ ички хотиралик 5G-версиясини АҚШда 700 доллардан бошлаб сотмоқчи. Европа бозорига эса унинг худди шундай хотиралик, бироқ 4G-талқини 630 евродан бошланувчи нархда етказиб берилади. Galaxy S20 FE очиқ савдога 2 октябрдан чиқарилади, шунгача айрим мамлакатларда турли саналарда олдиндан буюртма олинади.


Манба: Sof.uz