Sangzor.uz / 100 миллион доллар ўғирлаган вирус фош этилди

100 миллион доллар ўғирлаган вирус фош этилди

Dark Herring вируси билан зарарланган иловалар Google Play дўконидан 105 миллион маротабадан кўпроқ кўчириб олинди. «Zimperium» компанияси Google расмий дўконидаги 470 та иловада ушбу вирусни аниқлади (ва шундай номлади).

«Zimperium» блогида ёзилишича, зарарли дастурий таъминот бир қарашда безарар, ҳамма ишлатадиган дастур ва ўйинлар ичига кириб жойлашиб олган. Вирус шунчалик маккорки, ҳатто ўрнатиш жараёнида фойдаланувчидан шубҳали рухсатлар учун изн сўрамаган, кўчирилган иловалар бир текисда ишлашда давом этган, вирус эса пайт пойлаган.

Dark Herring, уяли алоқа операторининг ҳисоб рақами тўлов функциясидан фойдаланиб, ўн миллионлаб фойдаланувчиларни уларнинг ҳисобидан мунтазам пул ечилишига олиб келган «пулли хизматлар»га улаб қўяверган. Табиийки, баланс секин-аста тугаб бораётганини кўпчилик дарров пайқамаган, ҳар бир зарарланган қурилмадан вирус ўртача 15 доллардан, жами эса 100 миллион доллардан кўп маблағни ўмарган.

Аввал-бошдан зарарланган иловалар Google Play ва бошқа андроид дўконларда 2020 йилнинг мартида жойлаштирилган. Ҳозирда уларнинг барчаси Google Play дан ўчириб юборилди, бироқ «Zimperium»нинг огоҳлантиришини назардан соқит қилган чет дўконларда вирусли-иловалар ҳамон навбатдаги ўлжаларини кутмоқда.

скачать dle 12.0
28-01-2022, 09:42
Ортга қайтиш