Қон босим касаллиги ҳақида 7 афсона ва 1 ҳақиқат

Қон босим касаллиги ҳақида 7 афсона ва 1 ҳақиқат

Афсона ва ҳақиқат тушунчалари бир-бирига тескари бўлсада, доим ёнма-ён юришади. Қон босими ҳақидаги афсоналар ҳам етарлича бўлиб, баъзилари ҳақиқатга тўғри келса, баъзилари акси бўлади. Ушбу мақолада шу ҳақида сўз боради.
Халқ тилида “қон босим касаллиги”, “давление” номлари билан юритиладиган касалликнинг асл номи сал бошқачароқдир. Артериал қон босимининг тинч ҳолатда 140/90 мм сим. уст.дан ошиши артериал гипертония деб номланади ва у бир қанча касалликларнинг белгиси сифатида намоён бўлади. Шулардан энг асосийси - гипертония ёки хафақон касаллиги ҳисобланиб, у қон босими ошиши билан бирга юрак, бош мия, буйрак, қон томир ва кўзни шикастлаши билан алоҳида ўрин тутади.

1-афсона: Гипертония касаллигини тўлиқ даволаш мумкин.

Агар сиз шамоллаб қолсангиз 5-10 кун антибиотик ёки шамоллашга қарши воситалар қабул қиласиз, инфекция организмни тарк этади ва сиз бу мутлоқ тузаласиз. Ёки бирор киши аппендицит (халқ тилида “кўричак”) бўлиб қолса, операция қилиниб, яллиғланган кўричак ўсимтаси олиб ташланади ва  бу дарддан фориғ бўлиб, кўрмагандек бўлиб кетади. Чунки, булар сабаби аниқ бўлган ўткир касалликлардир. Гипертония касаллиги эса аксинча йиллар давомида ривожланиб келади, бир неча сабаблар, жумладан гормон, томирлар, юрак, қоннинг ивиш ҳусусияти, сув-туз алмашинувидаги ўзгаришлар каби кўплаб сабаблар, шунингдек, насл, ёш, чекиш, кам харакатлик, стресс, семизлик каби 10 дан ортиқ омиллар билан боғлиқ ҳолда пайдо бўлади. Агар уни бир кичик ўсимта келтириб чиқарган бўлса, уни кесиб ташлаш билан бу дарддан батамомо қутулардингиз (худди, феохромоцитома каби). Ёки бирор инфекция қўзғатган бўлганида инфекцияни организмдан чиқариш билан бутунлай даволаш мумкин бўларди.  Лекин, гипертония касаллиги сурункали касаллик бўлгани учун, йиллар давомида билан курашилади.  Тассавур қилинг, ҳовли уйингиздаги сув қувури ёрилиб кетса, хаммаёқни тезда сув олади, сиз бунга дарҳол киришасиз, шу мутахассисликдаги хизматни чақирасиз ва муаммони ўша заҳоти бартараф этасиз. Агар ўша қувурда кичик тирқиш пайдо бўлсаю, узоқ муддат ундан сув сизиб чиқса, сиз буни фақатгина уйни нам босганда ёки деворда ёриқ пайдо бўлганда биласиз. Қувурни ямаганингиз билан у қолдирган асоратлар анчагача сақланиб қолади. Гипертония касаллигида ҳам қон босимни тушириш билан иш битмайди, узоқ давом этганда бу касаллик юқорида санаб ўтилган 5 та нишон аъзоларга ўқ узади – битта касаллик бешта бўлади.
Гипертония касаллиги
Буни олдини олиш учун эса шифокор ва бемор биргиликда унинг келтириб чиқарувчи омилларини бартараф этиши, сабабларига таъсир қилувчи дориларни мунтазам ичиб юриши, агар бошланғич ёки ўрта босқичлари бўлса, асоратларини олдини олиши керак бўлади. Бир сўз билан айтганда, гипертония касаллигини тузатиш эмас, балки назорат қилиш керак.
   Бу афсонанинг қисман ҳақиқат жой бор, яъни юқорида айтиб ўтганимиздек, баъзан гипертония бошқа бир касалликнинг белгиси сифатида иккиламчи бўлиб ривожланади. Мисол учун, феохромоцитома, Конн синдроми, буйрак артерияси стенози каби касалликларда, шу касалликни даволаш йўли билан қон босими ошишидан қутилиш мумкин. Ёки гипертония касаллиги эрта даврларида ҳам турмуш тарзини кескин ўзгартириб, бу дарддан фориғ булиш мумкин.

2-афсона: Қон босими меъёрга келиши билан ёки даволаш курсини тугатиш билан дори ичишни тўхтатиш керак.
дори тугади
Юқорида таъкидлаганимиздек, бу сурункали касаллик бўлганлиги учун, уни даволаш эмас, балки назорат қилинади. Мажозий айтганда, касаллик ўлдирилмайди балки, унинг устидан хукмронлик ўрнатилади. Қон босимни меъёрлаштирадиган дори маълум муддат ичдингиз ва босим яхшиланиб ўзингизни яхши ҳис этаяпсиз – бу сиз тузалдингиз дегани эмас, шунчаки душманни қўрқитиб қўйдингиз. Энди уни шу мушт билан ушлаб туриш лозим, акс ҳолда, бўш қўйсангиз у икки баробар куч билан сизга ҳужум қилади. Бунинг маъноси шуки, врач ёзиб берган дорилар асосан симпато-адренал ва ренин-ангиотензин-альдостерон системаларини блоклаш орқали даволашга мўлжаллангандир. Бу системалар инсон организмини бошқарадиган гормонлардан ташкил топган бўлиб, усиз хаёт бўлмайди. Лекин, уларнинг кўп ишлаб чиқарилиши гипертонияга олиб келганлиги учун дори билан уларнинг таъсири камайтирилади. Гормонлар организмда мунтазам ишлаб турилгани сабабли уларни 10-15 кун дори ичиб мутлақо таъсирини кесишни мантиқан ҳам, амалий ҳам иложи йўқ. Шундай экан, сиз дори ичаётганингизда ичингиздаги бўйсундирилган душманни тизгинда ушлаб туриш учун ичаётганингизни ҳис қилиб туринг. Балки, келажакда бу касалликка жавоб берадиган ген топилиб, уни модификация қилиш йўли билан бутунлай даволармиз. Ахир, қачондир фантастик бўлган ғоялар хозир амалдаку.
Бу афсонанинг кичик хақиқати шундаки, касалликнинг бошланғич босқичида маълум муддат дори ичиш билан биргаликда хаёт тарзини ўзгартирган инсонлар, кейинчалик врач рухсати билан дорисиз даволанишга ўтишлари мумкин. Ҳаёт тарзини ўзгартириш деганда зарарли одатлар ва стрессли ишдан воз кечиш, кўп харакат қилиш, овқатланиш ва уйқуни меъёрлаштириш назарда тутилади.

3-афсона: Узоқ вақт дори ичиш оқибатида унга ўрганиб қолиш мумкин.
дориларга ўрганиб қолиш
Бу жуда нозик масала ҳисобланади. “Ўрганиб қолиш” тушунчаси одатда салбий ролда келади ва уни доим қоралашади. Қон босимига қарши дориларга ўрганиб қолиш деганда, шу дорини қабул қилмаса яна босим ошаверишини тушунишади. Бу таъкидлаганимиздек, касалликка олиб келувчи система механизмларни вақтинча секинлаштириш билан изоҳланади. Бу системаларнинг фойдали томонлари ҳам борлиги туфайли ундан батамом воз кечишнинг иложи йўқ. Дориларга ўрганиб қолиш деганда худдики наркотик моддаларга ўрганиб қолишдек, ёмон бир хаёл келади. Агар инсон кайф берадиган ёки ухлатадиган дорига ўрганиб қолса булар охири уни адо қилади. Лекин, қон босимига қарши дорилар гипертония касаллиги ортидан эргашиб келадиган инфаркт, инсульт, юрак ва буйрак етишмовчликларидан беморни ҳимоя қилиб турса, бу касалликларга чалингандан кўра, шу дориларга “ўрганиб қолиш” афзал эмасми?! Ахир, сиз соғлом ҳолатингизда, шу саломатликни йўқотмаслик учун дори ичмаяпсизку! Аслида биз шундоқ ҳам кўп нарсаларга ўрганиб қолганмиз: кўп ва яхши ейишга, арзимаган жойга ҳам машинада чиқишга, баъзилар сигарет чекишга ва ҳакозо. Ваҳоланки, дори ичишга мажбур қилган нарсалар аслида шулардир. Бу сўзлар гипертония касаллигининг 2-3 босқичларига тегишлидир, дастлабки босқичларда эса албатта юқорида айтганимиздек, аввал дори билан, сўнг дорисиз бу дардни даволаш мумкин.
   Шу ўринда айтиш жоизки, дориларни бетартиб, эътиборсизлик ичиши билан ёки аксинча жудаям дорига ружу қўйиш ҳам қораланади. Бемор шифокор тавсиясига кўра ёзилган энг зарур дориларни тартиб билан ичиб юриши керак. Бу ерда шифокорнинг алоҳида роли бўлиб, беморга аниқ-тиниқ (иложи бўлса, ручкада эмас компьютерда) ёзилган тавсия бериши керак, у ерда дори номи, ичиш вақти, тартиби ва муддати, нима учун кераклиги албатта кўрсатилиши керак. Шунда даволаш самарадорилиги ошади.

4-афсона: Агар безовта қилмаса гипертонияни даволаш шарт эмас.
юқори босим
Баъзи инсонлар “юқори қон босимида юрсам ҳам ўзимни ёмон ҳис қилмайман, даволанишим шарт эмас”, дейишади. Бу қон босимнинг узоқ вақт секинлик билан ошиб бориб, сезувчи аъзоларнинг бунга мослашиши билан изоҳланади. Агар сизнинг қон босиминингиз тинч ҳолатда 120/80 бўлса, 10 дақиқа тез югуриб туриб ўлчасангиз 160/90 бўлиши мумкин, 3-5 дақиқа дам олиб ўлчасангиз яна нормага тушади. Бунинг механизми шундаки, жисмоний юклама пайтида, айниқса оёқ кўп иш бажарганда сарфланаётган энергия компенсацияси учун шунча миқдорда кислород талаб қилади, кислород эса қон орқали келади, қонни эса юрак босим орқали хайдаб беради. Юклама тугагач, яна хаммаси одатдагидек кетаверади. Бу физиологик босим ошиши бўлганлиги учун, инсонга сезилмайди. Энди тасаввур қилинг, ўша “юқори қон босимда ҳам ўзимни ёмон ҳис қилмайдиган” ўзини соғлом санайдиган инсон тинч ҳолатда босими 140/90, шундай юкаламада босими 180/100дан ошади. Хар қандай инсон кутилмаган стресслардан ҳимояланмагандир, бошига бир ташвиш тушиб қолса, қон босими 220/110 га ҳам етади. Бундай босимга артерия дош беролмай ёрилади, натижада бош мия инсульти ёки миокард инфаркт ривожланади. Зеро, бундай беморларда артерия томирлари узоқ вақт босим остида ишлайвериб, эластиклиги камайиб, “қаттиқ” бўлиб қолган бўлади. Эластик томир бирдан босим ошса маълум даражагача кенгайиб ёрилмай туриб бера олади, мўрт бўлиб қолгани эса аксинча компенсация қилолмайди. Энг ёмони юқори босимни сезмайдиган инсонлар кўпинча миокард инфарктини ҳам билмай қолишади. “Оёғида инфаркт ўтказган экан”, деган иборалар балки қулоғингизга чалингандир, бу ўша кейинчалик юракда чандиқ топилганда бемор қачондир инфаркт бўлгану, буни билмаган, деган маънони англатади.
   Баъзан, бирор симптом билан кечмаса ҳам, қон босимини мунтазам ошишининг  ўзиёқ маълум касалликнинг белгиси бўлиши мумкин. Юқорида айтиб ўтилган иккиламчи гипертензиялар шуларга мисолдир. Бу касалликлардан эса мутлақо фориғ бўлиш мумкин.
   Яна шундай беморлар бўладики, юқори босимда ўзини яхши хис қилади, нормада эса аксинча. Бундай беморларга мутахассислар, алоҳида ёндошишни тавсия қилади, яъни қон босимни ўта секинлик билан йиллар давомида нормага туширишни кераклигини айтишади.

5-афсона: Гипертонияни бошқа йўллар билан мутлоқ даволаш мумкин.
юқори босим
Дори ичишдан чарчаган бемор албатта даволашнинг бошқа йўлларини излаб кўради. Турли табибларнинг дамламалари, қон олдириш, зулук солдириш, турли биологик актив қўшимчалар, ҳар хил булоқ ва ғорлар... Албатта, бу беморнинг ўз танлови. Мен бу усулларни қораламайман ҳам, оқламайман ҳам. Фақат, мутахассис сифатида айтаманки, шифокор вақт ва макон синовидан ўтган усулда даволайди, яъни кўп йиллар турли мамлакатларда олимлар ўтказган текширувлар асосида ёзилган китоб ҳамда ўз тажрибасига суяниб шифо беради. Бошқа бирорта усулда бундай ҳусусият йўқдир. “Синалмаган отнинг сиртидан ўтма”, деганларидек, кейинчалик яна шифокорга мурожаат қилиб бошқа усулнинг фойда бермаганлиги ёки зарар етказганлигини айтадиганлар ҳам оз эмас.

6-афсона: Гипертония Адельфан, Раунатин, Папазол каби дорилар билан даволанади.
Гипертонияни даволашдан асосий мақсад қон босимини тушириш эмас, балки унинг 5 та нишон аъзо – юрак, бош мия, буйрак, томир ва кўзларда юзага келадиган асоратларни олдини олишдир. Айтиб ўтилган дорилар бу талабларга жавоб бермайди. Шу сабабдан, ота-боболаримиз ичиб даволанган бу дорилар замонавий препаратлар пайдо бўлгач ўз долзарблигини йўқотди.

7-афсона: Гипертония билан фақат ёши катта инсонлар касалланади.
Бу ҳам бир афсона, чунки аввал шунақа эди, хозирги замонда касаллик анча ёшарди ва ўрта ёшли инсонларда ҳам кўплаб учраяпди. Балки юмушларнинг кўпчлигини техникага юклаганимиз, оқибатда харакатимиз камайганлиги, тўқлик замонида парҳезга эътибор бермаганимиз, чекиш ва алкоголь каби турли зарарли одатларни илаштириб олганимиз, стрессга бой ишга эгалигимиз ва яна бир қанча омиллар бунга сабаб бўлаётгандир. Иккинчидан, гипертониянинг симптоматик деган тури ҳам борки, бу айнан ёшларда учрайди.

1-хақиқат.
Ягона ҳақиқат шуки, гипертония касаллиги – бир неча сабаб ва омилларга боғлиқ ҳолда сурункали ривожланиб борадиган, артериал қон босимнинг ошиши билан биргаликда 5 та нишон аъзо – юрак, бош мия, буйрак, томир ва кўзларда асоратларни келтириб чиқариш билан хавфли бўлган, батамом тузалиб кетмайдиган, фақат хаёт тарзини ўзгартириш ва мунтазам дори қабул қилиш йўли билан назорат қилинадиган касалликдир.

Мақола муаллифи: кардиолог Омонулла Жўраев