Бир кунда қанча туз истеъмол қилиш керак?

Бир кунда қанча туз истеъмол қилиш керак?

Ош тузи – инсон танасига натрий етказиб берувчи ягона озуқавий модда. У организмда қон айланиши ва қон босимини бошқариш, асаб тизими ҳамда мушаклар орасидаги узвий алоқани таъминлайди.

Ушбу маҳсулот таркибидаги хлор овқат ҳазмига ёрдам беради. Танада сув-туз балансини тартибга солишда иштирок этиб, жигарнинг тўғри ишлашига кўмаклашади.

ЖССТ тавсиясига кўра, организмдаги моддалар алмашинувини меъёрлаштириш учун кунига бир чой қошиқ – 5 грамм йодланган ош тузи истеъмол қилиш етарли.

Агар кунлик миқдор ортиб кетса, турли хасталиклар келиб чиқади. Энг аввало, ортиқча туз суяк тўқималарига ёмон таъсир қилади. Танада моддалар алмашинуви бузилиб, юрак, буйрак ва қон айланиш тизимида салбий ўзгаришлар кузатилади.

Шиш: меъёрдан ошиқ туз организмда суюқликни ушлаб туриши оқибатида шишлар пайдо қилади.

Ортиқча вазн: туз ёғлар парчаланишига тўсқинлик қилиб, ортиқча вазнни юзага келтиради.

Кальций етишмаслиги: у кўп истеъмол қилинса, буйраклар фаолияти бузилади. Танадаги ортиқча туз пешоб билан чиқарилади ва у билан кальций ҳам ювилади. Оқибатда организмда кальций етишмовчилиги кузатилади.

Кўз хасталиги: йодланган тузнинг кўп миқдори кўз босимини ошириб, катарактага олиб келади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати