Нос ва сигарет чекадиганларда коронавирус қандай кечади?

Нос ва сигарет чекадиганларда коронавирус қандай кечади?

Бугун АОКАда бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева муҳим саволларга жавоб қайтарди:

- Коронавирус қон айланиши тизимини шикастлаши ва қон қуюлишини ҳақида кўп айтилмоқда. Сурункали касаллиги борлар узоқ йиллардан бери «Аспирин» дорисини қабул қилишади. Ҳозирда шифокорлар уни янада кўпроқ қабул қилиш кераклигини айтишмоқда. Бироқ аспирин кўплаб қарши кўрсатмаларга эга, уни узоқ вақт қабул қилиш ошқозон ярасини келтириб чиқаради. Бундай вазиятларда нима қилиш керак?

- Жуда долзарб савол. Коронавирус инфекцияси қон айланиши тизимига турли таъсирга эга. Энг асосийси — қон қуюлиши ҳисобланади.
Афсуски шифокорларимиз беморнинг тўлиқ ҳолати ва мавжуд патологияларини ҳисобга олмай, узоқ вақт қабул қилишга «Аспирин» дорисини тайинлашади.

Ҳар қандай дори воситасини тайинлашдан аввал қон таҳлилини ўтказиш ва ушбу гуруҳдаги препаратларни тайинлаш қанчалик зарурлигини аниқлаш зарур.

Агар таҳлил натижаларига кўра, шифокор ушбу гуруҳдаги дори воситаларини тайинлаган бўлса, Сиз шифокор назоратида бўлишингиз керак. Агар бирор қарши кўрсатмалар пайдо бўлса, шифокорга мурожаат қилишингиз ва дори воситасини бекор қилиш ёки бошқасига алмаштиришни келишишингиз мумкин.

- Сигаретга ўхшаш чекувчи воситалар ёки нос чекадиган инсонларда коронавирус қандай кечади?
- Сигарет ва нос, умуман ҳар қандай чекувчи воситалар организмда турли хил ўзгаришлар келтириб чиқаради.
Сурункали чекиш оқибатида турли хил ўпка, ошқозон ичак тизими, асаб тизми касалликлари ва оғиз бўшлиғи ўсмалари пайдо бўлиши ЖССТ томонидан ҳам тасдиқланган.

Шу боис, коронавирус касаллигини кечувини бундай ҳолатлар оғирлаштириши табиий. Касалликни енгил кечиши учун бундай одатлардан воз кечсангиз, ўз саломатлигингизни янада ҳимоя қилган бўласиз.