Шифокор ўз билганича витамин қабул қилувчиларни огоҳлантирди

Шифокор ўз билганича витамин қабул қилувчиларни огоҳлантирди

Пандемия даврида аксарият одамлар коронавирусдан сақланиш умидида кўп миқдорда витамин қабул қилишга тушдилар. Бироқ бу организм фаолиятини издан чиқариши мумкин, дейди россиялик шифокор аллерголог-иммунолог Алексей Бессмертний «Sputnik» радиосига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, витаминли комплексларни суиистеъмол қилиш гипервитаминоз ҳолатини келтириб чиқариши мумкин. У эса фойдали моддалар ва микроэлементлар танқислигидан кўра хавфлироқ.

«D витамини ёки A витамини гипервитаминози соғлиқ учун хавфсиз эмас. Устига-устак, кўпгина поливитаминлар дори эмас, биоқўшимча сифатида рўйхатга олинишини унутмаслик керак. Статистикага кўра, жигар токсик зарарланишининг тўртдан икки қисми тегишли тартибда сертификатлаштирилмаган биоқўшимчалар билан боғлиқ», — дея изоҳлади мутахассис.

Унинг фикрича, гипервитаминоз аломатлари тушунарсиз, шу боис одамга нима бўлаётганини кўпинча тушуниб бўлмайди.

«Кўнгил айниши, лоҳаслик, чарчоқ, ажралаётган пешоб миқдори камайиши шулар жумласидан. D гипервитаминозида қайт қилиш, яъни интоксикациянинг барча аломатлари бор», — дея огоҳлантиради Бессмертний.

Унинг сўзларига кўра, агар таомнома сифатли маҳсулотлардан ташкил топган ва мева-сабзавотларга бой бўлса, қўшимча витаминларни қабул қилишга зарурат йўқ.

«Фақатгина айрим ҳудудлар учун «Йодомарин» ҳамда уч ёшгача бўлган болалар учун D витамин бундан мустасно бўлиши мумкин», — дея таъкидлади шифокор.