ПЗР тест натижаларини қалбакилаштириб сотаётган шахслар ушланди

ПЗР тест натижаларини қалбакилаштириб сотаётган шахслар ушланди

2021 йил 22 октябр куни Фарғона вилояти ИИБ ТХТБга келиб тушган маълумотга асосан, моддий манфаатдорлик эвазига фуқароларга Давлат чегарасидан ўтиш учун коронавирус инфекцияси натижалари ҳақида қалбаки маълумотнома тайёрлаб берувчи шахсни фош этиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Ўтказилган тадбир давомида, 1987 й.т. Қува туманида яшовчи Х.М. ўзи ишлайдиган Қува туманидаги “ОМАД ЮРТ ФАРОВОНЛИГИ” номли авиакасса ичида тезкор тадбирга жалб қилинган “махсус мижоз”га экспресс ПЗР-тест таҳлилининг “манфий” натижаси ҳақида қалбаки маълумотномани тайёрлаб бериш учун 150 минг сўм пул олган вақтида ушланган.

Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, 29 октябр куни Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги «УЗ МЕД» хусусий клиникаси ишюритувчиси 2000 й.т. Урганч тумани, Ғойбу қишлоғида яшовчи Ш.Р. тезкор тадбирга жалб қилинган “махсус мижоз”га экспресс ПЗР-тест таҳлилининг “манфий” натижаси ҳақида маълумотнома тайёрлаб бериш учун 340 минг сўм пулларини олган вақтида Хоразм вилояти ИИБ ТХТБ ходимлари томонидан ушланган.

Бундан ташқари, 3 ноябр куни Самарқанд вилояти ИИБ ТХТБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, 2001 й.т. Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳрида яшовчи Ф.М. тадбирга жалб қилинган “махсус мижоз”га ПЗР-тест таҳлилининг “манфий” натижаси ҳақида маълумотнома тайёрлаб бериш учун 150 минг сўм пул олаётган вақтида аниқланиб ушланган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.