Тараққиёт стратегияси жамоатчилик муҳокамасида

Тараққиёт стратегияси жамоатчилик  муҳокамасида

 Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган

Тараққиёт стратегияси лойиҳаси жамоатчиликка тақдим этилди!


Халқимиз тилида “Маслаҳатли тўй тарқамас” деган мақол мавжуд. Албатта, улкан режалар соҳа мутахассислари ва кенг халқ оммаси билан кенгашиб, амалга оширилмоғи лозим. Ана шундагина ислоҳотлар халқ ва давлат тараққиётига хизмат қилади. Демоқчи бўлганимиз, бундан аввал ҳам мамлакатимизни ривожлантиришнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси омма муҳокамасига ҳавола қилинган эди.

Ўтган йилларга назар солиб англашимиз мумкинки, мисли кўрилмаган ўзгаришларни гувоҳи бўлдик, уни ҳис этдик. Ҳар соҳадаги янгиланишлар, инсон фаровонлиги ва қадр-қимматини оширишга қаратилган манзилли чора-тадбирларнинг барчаси амалда бўй кўрсатди. Бугун ҳам янги креатив ёндошувларни кўриб, юксалишлар тенденциясининг фаол аъзоси сифатида қувонамиз.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат этиб белгиланганлиги эътиборга молик. Мазкур рақам бахт-саодат ва омад келтирадиган, эзгу ниятни рўёбга чиқарадиган хосиятли тимсол сифатида баҳоланади. 

Тараққиёт стратегиясининг биринчи йўналишда эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадри-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари ўрин олган. Аниқроғи, ушбу йўналиш режасига кўра келгусида давлат функцияларининг катта қисми марказдан ҳудудларга ўтказиш назарда тутилган. Шунингдек, марказий идоралар трансформация қилиниб, ихчам ва самарали бошқарув тизими яратилиши, бир хил йўналишдаги вазифаларни амалга ошираётган идоралар оптималлаштирилиши белгилаб олинган.

Иккинчи йўналиш бўйича адолат ва қонун устуворлиги – халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлаш чоралари кўрилади.

Учинчи йўналишда миллий иқтисодиётни ривожлантириш назарда тутилади. 2030 йилга бориб, жон бошига ҳисоблаганда, аҳоли даромадлари ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган давлатлар қаторига чиқариш мақсад қилинган.

Тўртинчи йўналишда адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш режалаштирилган бўлиб, бунда сифатли таълим-тарбия масаласи доимий эътибор марказида бўлади. Ўқитувчиларнинг ойлик маоши изчил ошириб борилади. Натижада 2025 йилга қадар 1 минг АҚШ доллар миқдорига етказиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек ушбу йўналиш бўйича янги мактаблар қуриш, мавжудларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳанинг барча босқичлари ўртасида узвийликни таъминлашга қаратилган Миллий таълим дастури ишлаб чиқилиш белгилаб олинган. Фуқаролар саломатлигини сақлаш учун барча шароит яратилиш ва келгуси беш йилда олий тоифали шифокорлар маошини 1 минг АҚШ доллар эквивалентига етказиш ҳам мазкур режадан ўрин олган.

Бешинчи йўналишда маънавий ва маърифий соҳаларда ислоҳотларни амалга ошириш белгиланган. Ушбу йўналиш бўйича Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепцияси амалга оширилади. Маданият ва санъатни юксалтириш, ёшларни соғлом эътиқод руҳида тарбиялаш, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилади.

Олтинчи йўналиш, глобал муаммоларнинг миллий ва минтақавий даражадаги ечимларини топишга қаратилган. Бунда глобал муаммоларнинг биринчи навбатда миллий ва минтақавий даражадаги ечимларини топиш, бунинг учун қўшни давлатлар билан ҳамкорлик ишларини ошириш белгилаб олинган.

Охирги еттинчи йўналишда эса тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсад қилинган. Бу йўналиш бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, Қуролли Кучларимизнинг қудратини янада ошириш, ҳарбийларнинг жанговар шайлиги, жисмоний ва маънавий тайёргарлигини кучайтириш белгиланган.

Айтиш мумкинки, айни кунларда 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг муҳокамаси билан бирга 2022 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси”ни тасдиқлашни назарда тутувчи Президент Фармони лойиҳаси ҳам кенг муҳокамада бўлиб турибди. Маълумот учун, ушбу ҳужжат лойиҳаси 1 январдан 15 январь кунига қадар jamoatchilik.uz, regulation.uz ва 2022-2026.strategy.uz сайтлари орқали ҳавола этилган.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 5 йиллик Дастури лойиҳаси билан танишар эканмиз, ушбу ҳужжатнинг нақадар концептуал ва милиий манфаатларимизга мослигини кўрамиз. Тараққиёт стратегиясида “Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат” деган муҳим ғоя негизида мамлакатимизда ҳуқуқий демократик жамият қуриш ва халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши олий мақсад сифатида белгиланган.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси мамлакатимиз ривожининг муҳим фундаментал асосларини ўзида қамраб олган бўлиб, фаолиятимизнинг устувор вазифаларини белгилаб беради. Халқаро ҳамжамиятдаги давлатимиз мавқеъи ва обрўсини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.  

Хусан АБДУНИЯЗОВ,

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати

Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,

 Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати.