Махсус комиссия иш берувчиларга мажбурият юклади

Махсус комиссия иш берувчиларга мажбурият юклади

Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида коронавирус пандемияси сабабли жорий қилинган муайян чекловларни олиб ташлаш масаласи муҳокама қилинди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Иш берувчиларга қўл остидаги ишчи-хизматчиларнинг коронавирус инфекциясига қарши эмланганлик, шу жумладан, бустер доза билан эмланиш даражаси 90 фоиздан кам бўлмаслигига эришиш мажбурияти юклатилди.

Давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқа ташкилотлар ходимларининг коронавирус инфекциясига қарши, шу жумладан, бустер доза билан эмланмаганлиги аниқланганда, улар вақтинчалик ишдан четлаштирилади.

Ходим коронавирус инфекциясига қарши бустер доза билан эмланишни рад этганда, иш берувчи томонидан унинг вақтинча ишдан четлаштирилишини Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати қатъий назоратга олади.

Аввалроқ жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб фуқароларнинг очиқ ҳавода ниқоб тақмаслигига рухсат берилгани хабар қилинганди.