Ҳар қандай мураккаб вазиятда ечимлар мавжуд

Ҳар қандай мураккаб вазиятда ечимлар мавжуд

Kun.uz расмий канали орқали эълон қилинган “Озиқ-овқат хавфсизлиги, валюта курси ва макроиқтисодий барқарорлик. Украинадаги урушнинг Ўзбекистонга таъсири бўйича таҳлил ва прогнозлар” ҳамда “Ўзбекистонда ёғ нархи муаммоси кун тартибига қайтиши мумкин” сарлавҳали мақолаларида келтирилган ҳолат  Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўрганилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Россия ва Украина ўртасидаги юзага келган кескинлик, чегараларнинг ёпилиши ва валюта курси тебранишлари натижасида жаҳон бозорларида мураккаб вазият юзага келмоқда. Бу ҳолат Ўзбекистон ички истеъмол бозорларида тақчиллик келиб чиқишини олдини олишга қаратилган тезкор чора-тадбирларни тақозо этади.

Биринчи навбатда, Ўзбекистон шароитида етиштириш имкони мавжуд бўлмаган (шакар хомашёси) ёки қисман етиштириладиган буғдой, кунгабоқар хомашёси каби ижтимоий аҳамиятга эга бўлган маҳсулотларни барқарор ва мақбул нархларда олиб кириш, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган буғдой уни, шакар, пахта ёғи ва бошқа маҳсулотларнинг нархларини ошиб кетмаслигини назорат қилиш, аҳолини ваҳимага берилиб, “шок” ҳолатларидан ҳимоялаш Ҳукумат ва давлат органларининг асосий вазифаси бўлиб турибди.

Мана биргина мисол тариқасида шакар маҳсулотини оладиган бўлсак, ижтимоий тармоқларда ҳамкор мамлакатлар дўконларидаги ваҳима ҳақидаги тарқалган айрим видеолавҳалар ҳисобига март ойининг ўзида 2-3 кун давомида ички бозорларда шакар маҳсулотининг нархи сунъий 1,5 баробаргача ўсди. Истеъмолчилар орасида норозилик ва ваҳима юзага келмаслиги учун Монополияга қарши курашиш қўмитаси бир неча маротаба муносабат билдирди, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали маълумот берилди. Қўмита томонидан биржа савдоларида шакар сотилиши тартибларига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Шуни таъкидлаш жоизки, Kun.uz расмий канали мақоласида шакар ва шакар маҳсулотлари 60 фоиздан ортиғи Россиядан келтирилиши юзасидан маълумот берилган.

Расмий маълумотларга кўра 2021 йилда жами 23,3 минг тндан ортиқ ҳамда жорий йил январь-март ойлари давомида атиги 83 тндан ортиқ шакар маҳсулоти импорт қилинган ва аввал хабар берганимиздек, шакар импорти бўйича Россия ва Украина давлатларининг ички бозордаги улуши бор-йўғи 2 фоизни ташкил этади.

Жорий йилнинг бошида маҳаллий шакар заводлари ва халқаро трейдерлар орасида шакар хомашёси бўйича мақбул биржа котировкаларида шартномалар тузилган. Шартномага асосан бугунги кунда хомашё Бразилия давлатидан харид қилинмоқда. Шу билан бирга, биринчи ярим йилликда амалдаги етарли бўлган 39 минг тндан ортиқ шакар хомашёси ва 43 минг тн тайёр шакар захираси мавжуд. Шунингдек, июнь ойига қўшимча 191 минг тн хомашёга шартномалар тузилган, яъни мамлакатимизда жами 273 минг тн ортиқ ёки йиллик истеъмол талабининг деярли ярми миқдорида шакар ресурслари мавжуд.

Бундан ташқари, республика аҳолисига шакар маҳсулотини етарли миқдорда ва мақбул нархларда етказиб бериш мақсадида Ҳукумат томонидан зарур чоралар кўрилмоқда ҳамда барча ҳудудлардаги бозорларда “Элга хизмат” расталарида мақбул нархда шакар сотиш ташкил этилган.

Аҳоли ва тадбиркорлар томонидан буни тўғри қабул қилган ҳолда ишлар олиб борилганлиги учун шакар нархи олдинги маромига тушди.

Бундай вазиятлар қайтарилмаслиги учун жорий йилнинг 31 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтказилган видеоселекторда Давлат раҳбари томонидан ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотларининг барқарорлигини таъминлаш ва нарх-навонинг кескин ошиб кетмаслиги юзасидан тезкор чораларни кўриб бориш мақсадида, Бош вазир бошчилигида кундалик ишлайдиган Республика штаби ташкил этилиши белгиланди (бугунги кунда штаб ўз фаолиятини бошлаган).

Давлат раҳбари ушбу Республика штабига қуйидагиларни топширди:

 зарур озиқ-овқат маҳсулотлари импорти учун аввал берилган 500 миллиард сўм имтиёзли ресурсларнинг қайтариш муддатини йил якунига қадар узайтириш;

 бир ҳафта муддатда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи барча тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг юзага келган муаммоларини кундалик ҳал этиш тизими жорий этиш;

 биржа савдоларида озиқ-овқат ва хомашёнинг тўлиқ қўйилиши устидан кунлик назорат ўрнатиш ва сунъий равишда нарх ошишининг олдини олиш бўйича тезкор чораларни кўриб бориш;

– уч кун муддатда шакар, ун, ёғ, гўшт, чой, болалар овқатлари, сут маҳсулотлари каби озиқ-овқат маҳсулотлари импортига акциз солиғи ва божхона божларини қайта кўриб чиқиш бўйича асосланган таклиф киритиш белгиланди.

Ушбу топшириқларни бажариш мақсадида Ҳукумат томонидан мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол картошкаси, ўсимлик ёғи, гўшт, буғдой каби маҳсулотларини импортида харажатларни камайтириш юзасидан ушбу маҳсулотларга божхона тўловларидан имтиёзлар бериш, қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш, темир йўл транспортида чегирма бериш, ушбу фаолиятлар билан шуғулланаётган тадбиркорлар айланма маблағларини ошириш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратиш орқали нархларни барқарорлаштириш юзасидан зарурий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан ички бозорни ун, буғдой ва ўсимлик ёғи билан самарали таъминлаш мақсадида қуйидаги муҳим вазифалар белгиланди:

  апрель-июль ойларида Қозоғистондан 100 минг тонна буғдой ва қисман ун импорт қилаш ва яна 500 минг тонна буғдой импорт қилиш бўйича тегишли идораларга таклиф тайёрлаш;

– Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга 2022 йил 1 апрелдан бошлаб йил якунига қадар “Ўздавзахира” қўмитаси томонидан импорт қилинадиган буғдой (ун) ва ўсимлик ёғини темир йўллар орқали ташишда 50 фоизли имтиёзли тарифларни қўллаш.

 Бундан ташқари, сўнгги икки ой мобайнида Покистондан 91,3 минг тонна, Қозоғистондан 12,6 минг тонна, Эрондан 5,2 минг тонна, Россиядан 4,4 минг тонна, Қирғизистондан 4,3 минг тонна, Афғонистондан 4 минг тонна ва бошқа мамлакатлардан жами 124,4 минг тонна картошка маҳсулоти импорт қилинди.

Шунингдек, бугунги кунда давлат ва улгуржи импортёр тадбиркорлар томонидан 100 минг тонна ўсимлик ёғи захира қилинган.

Шу билан бирга, тадбиркорларга ижтимоий озиқ-овқат маҳсулотлари импорти учун имтиёзли кредитлар ажратилмоқда.

Ички бозорни шакар билан узлуксиз равишда таъминлаш мақсадида шакарни (уни ишлаб чиқариш хомашёсини) етказиб берувчилар ва логистика корхоналари билан биргаликда Болтиқ денгизи, Грузия ва Туркиянинг портлари орқали етказиб беришнинг муқобил йўли сифатида амалга ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Шуни алоҳида айтиш лозимки, жаҳон бозорларидаги Ўзбекистон томонидан импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари тебранишлари бевосита бизнинг ички бозорларимизга таъсир этмасдан қолмайди, шундай вазиятларда ҳам Ҳукуматимиз томонидан энг мақбул ва арзон нархларда шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини аҳолимизга етказиб бериш чоралари кўриб борилади.

Тариф, нотариф ва рағбатлантирувчи инструментлардан ташқари, ижтимоий муҳим аҳамиятга эга асосий маҳсулотлар нархларини ички бозорда кескин ошиб кетишини олдини олиш ва айрим субъектлар томонидан таклифни сунъий қисқартириш бўйича ҳаракатларни бартараф этиш мақсадида Ҳукумат томонидан Монополияга қарши курашиш қўмитасига қуйидаги қўшимча ваколатларни бериш кўриб чиқилмоқда:

– маҳсулотни охирги истеъмолчигача (“занжири”) бўлган даврдаги нарх асоссиз ўсиши, йирик савдо тармоқлари ва деҳқон бозорларининг тадбиркорларга нисбатан суиистеъмол қилиш ҳолатлари бўйича текширувлар ўтказиш ҳамда чора кўриш;

– асоссиз оширилган нархларни пасайтириш юзасидан ёзма огоҳлантириш бериш ва тегишли чоралар ўриш;

– устун мавқени суиистеъмол қилиш, келишиб қилинган ҳаракатлар ва тил бириктиришлар, шунингдек биржа савдоларига мажбурий қўйилиши керак бўлган монопол ва юқори ликвидли маҳсулотларни тўлиқ ҳажмда чиқармаганлик ҳамда таклифни қисқартирганлик ва манипуляциялар натижасида нархларни сунъий оширишга нисбатан тўғридан-тўғри чора кўришдан иборат.

Бундан ташқари, Президентимиз томонидан куни кеча ўтказилган йиғилишлари ва қабул қилинган фармонларига мувофиқ Монополияга қарши курашиш қўмитасига бозорларда қонун бузилишига йўл қўйган, нархларни асоссиз сунъий равишда оширган тадбиркорларга нисбатан жарима қўллаш ваколати берилди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, аниқ ишонч билан айта оламизки, Президентимиз назоратида бўлган ва Ҳукумат томонидан кўрилаётган барча чоралар натижасида озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган нарх барқарорлиги доимий таъминланади. Шунингдек, Қўмита озиқ-овқат ва бошқа зарур воситаларни нархини ошириш, сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали ва дезинформация хабарларни тарқатмасликни сўраб қолади.