Ўзбекистон Россияга қарши овоз бермагани сабаби айтилди (видео)

Ўзбекистон Россияга қарши овоз бермагани сабаби айтилди (видео)

Ўзбекистоннинг Бирлашган миллатлар ташкилотидаги доимий вакили Бахтиёр Иброҳимов БМТ бош ассамблеясининг 11-фавқулодда махсус сессиясида чиқиш қилиб, Россиянинг БМТ инсон ҳуқуқлари кенгашидан чиқарилишига қарши овоз берганини расман изоҳлаган.

«Ўзбекистон делегацияси Россиянинг БМТ инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолигидан чиқарилишига қарши овоз берди. Биз Кенгаш давлатларидан бирининг аъзолигини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор қонунбузарлик содир этганликда гумон қилинаётган томоннинг текширув натижаларига асосланишига умид қиламиз», деган Иброҳимов ўз нутқида.

Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон Украинадаги вазиятда бетараф позицияда туришда давом этади ва икки мамлакат ўртасидаги низо сиёсий-дипломатик йўллар орқали ечим топишига умид қилади.

Эслатиб ўтамиз, БМТ Бош ассамблеяси 7 апрель куни Россиянинг Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзолиги тўхтатилиши ҳақидаги резолюцияни қабул қилган. Унга 93 та давлат розилик билдирган, 24 таси (шу жумладан, Ўзбекистон ҳам) қарши чиққан, 58 таси бетараф қолган.

Март ойида эса хорижда даволанаётган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олиб, Донецк ва Луганцк халқ республикаларини тан олмаслигини билдирганди.