Ўзбекистонда Интернет-ўйин ниқоби остидаги янги молиявий пирамида авж олмоқда

Ўзбекистонда Интернет-ўйин ниқоби остидаги янги молиявий пирамида авж олмоқда

Ўзбекистонда Интернет-ўйин никоби остидаги янги молиявий пирамида авж олмоқда. Мухбиримиз хабар беришича, бу ўйин Gift of Legacy деб номланади. 

Пирамиданинг механизми оддий. Ўйинда "столлар" мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бирида 14 нафар иштирокчи жойлашган. Уларнинг ҳар бири аста-секин иерархик зинапоядан кўтарилиб, навбат билан "совға", "қурувчи", "гид", "куратор" ва "афсона"га айланади. 

Столга чиқиш учун 100 доллар тўласангиз, сиз "совға" бўласиз. Кейинчалик, ўйинга қанчалик кўпроқ одам жалб қилсангиз, шунчалик марказга тезроқ етиб борасиз ва ҳар-бир янги ҳолат учун пул оласиз. Масалан, “афсона”га етиб борсангиз, 800 доллар олишингиз мумкин.

Шу билан бирга, столлар "бронза", "кумуш", "олтин" ва "платина"га бўлинган. Улар дастлабки тўлов билан фарқ қилади. Агар бронза столида 100 доллар турса, кумуш столида 400, олтин столида 1600, платина столида 5000 доллар қўйилади. Шунга кўра, ҳар бир стол устидаги мукофот бир неча баравар кўпаяди. Платина столининг "афсонаси" га айланиб, 40 минг доллар олишингиз мумкин.

Энг ёмони шундаки, мамлакатимизда ушбу ўйин блоггерлар ва инфлюенслар орқали тарқатилмоқда.

"Аввалига иштирокимни ошкор қилмадим. Бир таваккалчилик қилиб кўрдим. Уч кундан кейин 800 доллар ишладим. Мен хурсанд бўлдим, кейин тарихимда ҳақиқатан пул ишлаганимни ёздим. Одамлар менга ёза бошлашди, улар ҳам ўйинга кирмоқчи бўлишди. Дастлаб барчага бу ўйин эканлигини, бу таваккалчилик эканини тушунтирдим. Натижада, мен Телеграм-канални яратдим ва одамлар ҳам пул топишлари учун ўйнайдиган столларимни таклиф қила бошладим. Одам кўп эди, уларнинг барчаси осон пул топишни хоҳлашди. Бу молиявия пирамида эканлигини, унинг ноқонунийлигини билмасдим", - деди инфлюенслардан бири Рушана Сирожиддинова.

Шуни унутмангки, иштирок этиш учун ҳақ талаб қиладиган ва янги иштирокчиларни жалб қилиш эвазига даромад ваъда қиладиган ҳар қандай ўйин молиявий пирамида белгиларига эга. Бундай ўйинларнинг хавфли томони шундаки, пирамида биринчи иштирокчиларининг даромади кейингиларига берилади. Фойдаланувчилар сони камайдики, тўлаш учун ҳеч нарса қолмайди. Натижада, пирамида ёпилади ва янги рўйхатдан ўтган иштирокчилар барча пулларини йўқотадилар.