Энергетика вазирлиги: Газ қазиб олиш ва электр энергия ишлаб чиқаришни хусусий қўлларга бериш нархларнинг назоратсиз кўтариб борилишини англатмайди

Энергетика вазирлиги: Газ қазиб олиш ва электр энергия ишлаб чиқаришни хусусий қўлларга бериш нархларнинг назоратсиз кўтариб борилишини англатмайди

Энергетика соҳасида бўлажак ислоҳотлар, хусусан, айрим ваколатларнинг хусусий компанияларга берилиши ўзбекистонликлар орасида кўплаб саволларни туғдирмоқда. Улардан баъзилари, агар газ ва электр тармоқлари хусусий компанияларга берилса, оддий фуқаролар нархларнинг ошишидан ҳимояланадими, деган ҳақли савол беришмоқда. Айримлар Европани мисол қилиб, у ерда энергия ресурслари бозоридаги спекуляция туфайли нархлар ошишини таъкидлашган.

Энергетика вазирининг ўринбосари Шерзод Хўжаев ва “Ўзтрансгаз” бошқаруви раиси ўринбосари Беҳзод Норматовнинг айтишича, ҳукумат хусусий сектор билан бўлажак ҳамкорликка пухта тайёргарлик кўрмоқда ва барча хавфларни ҳисоблаб чиқмоқда. Шу билан бирга, давлат электр ва газ нархларини тенглаштириш учун бир нечта механизмлардан фойдаланади, хусусий мулкдорларга нархларни назоратсиз равишда оширишга имкон бермайди. Шунинг учун газ ва электр тизимининг асосий артериялари давлат қўлида қолади.

Шерзод Хўжаевнинг сўзларига кўра, бугун Ўзбекистонда энергетикани давлат иштирокисиз тасаввур қилиш қийин ва бунинг сабаби шундаки, ҳукумат аҳолининг ижтимоий ҳимоясига урғу беради.

“Энергетика - бу табиий монополиядан бутунлай халос бўлишнинг иложи бўлмаган мураккаб механизмдир. Масалан, техник нуқтаи назардан мамлакатда магистрал электр тармоқларига муқобил йўқ, хусусий мулкдорларнинг ҳеч бири параллель тармоқларни йўлга қўя олмайди. Шунинг учун, бу монополия хусусий эмас, балки давлатники бўлса яхши бўлади. Шу билан бирга, давлат шундай шароит яратадики, бу тармоққа уланадиган барча объектлар ушбу тармоқ эгаси учун бир хил аҳамиятга эга эканлигига ишонч ҳосил қилишлари керак", - деди Хўжаев.

Унинг қўшимча қилишича, агар ягона магистрал газ ёки электр тармоғи хусусий қўлларга ўтказилса, унда кўплаб бизнес вакиллари, шунингдек аҳоли келажакдаги тармоқ эгаси тарифларни адолатли шакллантиришига шубҳа қилишлари мумкин.

"Тармоқ давлатнинг қўлида бўлса, ҳамма бир хил имкониятларга эга бўлади, чунки давлатнинг ягона манфаати - бу тизимнинг тўғри ишлаши ва кафолатланиши, шунингдек тизимдаги нархларнинг адолатли бўлишидир. Шунинг учун мутахассислар энергетиканинг бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш концепциясини ишлаб чиқдилар. Ушбу концепцияда бозорнинг ҳар бир босқичидан кейинги босқичга ўтиш учун маълум шартлар мавжуд. Шунингдек, унда муддатлар белгиланган, бутун жараён тахминан беш йил давом этади", деди у.

Хўжаевнинг таъкидлашича, электр энергетикасини эркинлаштириш ҳар бир хусусий компания ўзи хоҳлаган ишини қилишини англатмайди, давлат у ёки бу сегментга таъсир қилиш механизмларини ўзида қолдиради.

“Бизнеснинг асосий мақсади аҳолини ҳимоя қилиш эмас, даромад олишдир. Бу бизнес учун одатий ҳол ҳисобланади, давлат учун эмас. Шунинг учун давлат нархни қайд этади ва хусусий электр ишлаб чиқарувчилар томонидан нархни оширишга имкон бермайди. Бу бошқа механизмлар қатори хусусий электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар билан узоқ муддатли шартномалар тузиш орқали амалга оширилади ва киловатт нархи белгиланади. Давлат эса электр энергиясини бундай нархда сотиб олиш мажбуриятини олади. Бошқа томондан, биз аҳолига маълум миқдордаги электр ва газни арзон нархда беришни лишни кафолатлайдиган "ижтимоий меъёр" тушунчасини киритамиз. Бу дегани - ресурслардан кўп фойдалансангиз ва тежашга ҳаракат қилмасангиз, кўпроқ пул тўлашингиз керак бўлади”, - деди у.

Беҳзод Норматовнинг айтишича, аҳоли хавотирланмаслиги керак, чунки стратегик активлар сифатида магистрал газ узатиш тизими ва “Ўзтрансгаз” давлатга қарашли бўлиб қолади.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, биринчи босқичда хусусий компаниялар билан ҳамкорлик чуқур таҳлил этилади, чунки хусусий компаниялар бюджет маблағларини жалб қилмасдан харажатларни оптималлаштириши ва аҳоли учун газ нархининг ўсишини минималлаштириши, шу билан бирга инфратузилмани ривожлантиришга инвестицияларни жорий қила олишини кўриш керак бўлади. Дастлабки лойиҳалар амалга оширилгандан кейингина ҳукумат хусусий ҳамкорларни жалб қилишни кенгайтиришга қарор қилади.

"Ушбу босқичда мамлакатнинг 14 ҳудудидан пилот лойиҳалар танланди. Дастлаб, пилот лойиҳаларнинг локацияси танланади, техник вазифалар ва улар амалга ошириладиган шартлар аниқланади. Операторлар танлов асосида сараланади", - деди у.