Кадастри бўлмагани учун ер солиғи 3 карра миқдорда ҳисобланиши тўхтатиб турилади

Кадастри бўлмагани учун ер солиғи 3 карра миқдорда ҳисобланиши тўхтатиб турилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилишида экин ерлари ва томорқадан самарали фойдаланиш орқали озиқ-овқат етиштиришни ва аҳоли даромадларини кўпайтириш масаласи муҳокама қилинди. Шу билан бирга ғаллани етиштириш ва харид қилишни молиялаштириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.

Йиғилишда яна бир муаммога тўхталиб ўтилди – 2 миллион 600 мингта аҳоли хонадонларининг кадастр ҳужжатлари йўқ.

Ушбу аҳоли томорқа учун кредит, субсидия ҳамда уй-жойини кенгайтиришга ипотекадан фойдалана олмаётгани ҳақида Халқ қабулхоналарига мурожаатлар тушмоқда. Устига устак, кадастри бўлмагани учун ер солиғи 3 карра миқдорда ҳисобланмоқда.

Шу боис Адлия вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Кадастр агентлигига бир ҳафта муддатда ишчи гуруҳларини шакллантириб, ишларни бошлаш топширилди. Ишчи гуруҳлари:

- 1 октябрга қадар маҳаллабай кадастр ҳужжати бўлмаган хонадонларнинг электрон рўйхатини шакллантиради;

- уй-жойга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишга асос бўлувчи ҳужжатларни тўплайди ва электрон базага киритади.

Мутасаддиларга республиканинг барча ҳудудларида кадастри йўқ хонадонлар масаласини узил-кесил ҳал қилиш учун алоҳида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, муҳокамага киритиш вазифаси қўйилди.

Янги қонун қабул қилингунига қадар бу уй-жой эгаларига уч карра оширилган солиқ қўллаш тўхтатиб туришга қарор қилинди.