1 августдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

1 августдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

Бугундан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида айрим ўзгаришлар рўй беради.

Президент фармонига кўра, давлат хизматларидан фойдаланиш учун шахсни идентификациялашнинг мавжуд тизим ва воситаларига қўшимча равишда жисмоний шахсни идентификациялашнинг "Мобил-ID" тизими жорий этилади.

Унга мувофиқ:

- "Мобил-ID" тизими «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш бўйича ягона ахборот тизимининг таркибий қисми ҳисобланади ва шахсни унинг мобил телефон рақами орқали идентификациялашни назарда тутади;

- шахсни "Мобил-ID" тизими ёрдамида идентификациялаш фуқаронинг хоҳишига кўра давлат хизматлари маркази ёки нотариал идора томонидан ёхуд ЯИДХП мобил иловаси орқали амалга оширилади.

***

Президент қарори билан оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича янги рейтинг тизими жорий қилинади.

Бунда:

- ҳудудда ортиқча вазндан халос бўлиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя этиш, жисмоний фаолликни ошириш, инфаркт, инсульт, қандли диабет, онкология каби касалликларнинг олдини олиш бўйича кўрсаткичлар асосий мезонлар бўлади;

- ҳар олти ойда ижобий кўрсаткичларга эришган тиббиёт ходимлари рағбатлантирилади ҳамда энг яхши натижа кўрсатган тиббиёт муассасаси мукофот ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

***

Президент фармони билан 2022 йил 1 августдан бошлаб фильмларга нисбатан муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва сотилган ҳар бир чиптага доир ҳаққоний маълумот билан тезкор таъминловчи республикада фаолият юритаётган кинотеатрлар фаолиятини автоматлаштиришга қаратилган ахборот тизимига уланмаган ҳолда кинотеатр (кинозал)ларда фильмлар намойиш этиш чакана савдо қилиш қоидаларини бузиш сифатида баҳоланади.

***

Ҳукумат қарорига биноан маиший газ плитаси, ошхона дудбўрони, духовка ва печка, микротўлқинли печь, дазмол, сув иситкич каби маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш бошланади.

***

Ҳукумат қарорига асосан 2022 йил 1 августдан бошлаб ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, шунингдек, ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш учун барча тегишли ҳужжатлар фақат ЯИДХП орқали тақдим этилади.

***

Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан юридик хизмат кўрсатиладиган давлат органларининг туман (шаҳар) бўлинмалари ва давлат ташкилотларининг рўйхати кенгаяди.

Эндиликда:

- маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими;

- қишлоқ хўжалиги бўлими;

- туризм ва маданий мерос бўлими;

- спортни ривожлантириш бўлими;

- оила ва хотин-қизлар бўлими;

- давлат солиқ инспекцияси;

- аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази;

- давлат умумий ўрта таълим мактаблари;

- давлат мактабгача таълим ташкилотлари;

- давлат кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиникаларга ҳам юридик хизмат кўрсатиш марказлари хизмат кўрсатади.

***

Президент қарорига асосан суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолиятини рақамлаштириш ҳамда ишни судга қадар юритиш масалалари бўйича «Электрон суриштирув ва дастлабки тергов» ягона ахборот тизими тўлиқ версияда ишга тушади.

***

Президент қарорига асосан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси доривор ўсимликлар маданий плантацияларини барпо этиш учун мос бўлган, ўрмон фондининг ўрмон билан қопланмаган ер участкаларини электрон онлайн-аукционга 2022 йил 1 августдан бошлаб ойма-ой график асосида қўйиб боради.

***

Президент фармонига кўра, давлат бюджети, шунингдек, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар, шу жумладан истиқболли инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари бўйича уларнинг асосий техник кўрсаткичлари ва бошқа лойиҳа ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотлар Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилади.

Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилади.

***

Президент қарорига биноан 2022 йил 1 августдан бошлаб «UzGasTrade» АЖ:

- табиий газни давлатнинг ягона оператори сифатида республикадаги ишлаб чиқарувчилардан Идоралараро тариф комиссияси томонидан тасдиқланадиган нархларда ва импорт орқали ташқи манбалардан марказлашган тартибда харид қилиш;

- «Ҳудудгазтаъминот» АЖга ва магистрал газ узатиш тизимига уланган истеъмолчиларга табиий газни тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиш, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида кўзда тутилган ҳолатлардан ташқари ягона экспорт қилувчи функцияларини бажаради.

Бунда, маҳсулот тақсимотига оид битимларни ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, қўшма корхоналар ва «UzGasTrade» АЖ ўртасидаги табиий газни харид қилиш тўғрисидаги шартномаларни расмийлаштириш ишлари 2022 йил 1 августга қадар «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан бажарилади.

***

Ҳукумат қарори билан ногиронлиги бўлган ёшларга субсидия ажратишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланган. Қарорга асосан субсидия олиш учун аризалар жорий йил учун — 2022 йил 1 августдан, 2023 йилдан бошлаб ҳар йили — 10 январдан қабул қилинади.