KRuz.uz интернет-нашри ёпилиши ҳақида хабар берди

KRuz.uz интернет-нашри ёпилиши ҳақида хабар берди

Қорақалпоғистондаги илк хусусий ОАВлардан бири бўлган KRuz.uz олти йиллик фаолиятдан сўнг ўз фаолиятини тўхтатиши ҳақида маълум қилди. Унинг асосчиси Фурқат Юсупов 2018 йилда чўкиб кетаётган икки қизни қутқармоқчи бўлганида вафот этган эди.

Қорақалпоғистон KRuz.uz интернет-нашри таҳририяти лойиҳа ёпилишини маълум қилди. Фаолиятини тўхтатиш сабаблари ҳақида маълумот берилмаган.

Сайт Қорақалпоғистондаги биринчи хусусий оммавий ахборот воситаларидан бири ҳисобланади. Унга 2016 йил июль ойида 2018 йилда Нукусдаги каналга чўкиб кетаётган икки қизни қутқариш учун ҳалок бўлган журналист Фурқат Юсупов томонидан асос солинган.

Шундан сўнг нашрга унинг укаси Искандар Юсупов раҳбарлик қилди. У Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси собиқ раиси Муса Ерниязовнинг ўлими ҳақидаги маълумотни тарқатиш иши доирасида бошқа журналистлар қатори прокуратурага чақирилган эди.

«Бундан буён KRuz.uz номи билан очилган ҳар қандай жамоа ёки гуруҳлар норасмий мақомга эга. Сайт маъмурияти 2016 йилдан буён KRuz.uz билан бўлган барча обуначиларга чуқур миннатдорчилик билдиради», — дейилади хабарда. Кейинчалик бу баёнот олиб ташланди.

Хабар эълон қилинган вақтда KRuz.uz сайти ишламаяпти, нашрнинг 33,7 минг обуначи бўлган Телеграм-каналидаги барча хабарлар ўчириб ташланган, Instagram саҳифаси ҳам мавжуд эмас.

Телеграм архивига кўра, нашр ўз каналидаги сўнгги хабарларни 22 август куни эрталаб эълон қилган.