Ҳужжатсиз ер-мулк эгаларига вақтинчалик солиқ имтиёзи берилиши кутиляпти

Ҳужжатсиз ер-мулк эгаларига вақтинчалик солиқ имтиёзи берилиши кутиляпти

Ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланиб келаётган жисмоний шахсларга вақтинчалик солиқ имтиёзлари берилиши мумкин.

Амалдаги тартибга кўра, Солиқ кодексининг 437-моддаси 9-қисмига мувофиқ ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда, солиқ ставкаси белгиланган солиқ ставкаларининг уч баравари миқдорида белгиланади.

Адлия вазирлиги муаллифлигида ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳасида эса Солиқ кодексининг 483-моддасини 37-қисм билан тўлдириш таклиф қилинган.

Яъни, унга кўра, «2020 йил 1 январдан 2023 йил 1 июнгача бўлган даврда жисмоний шахсларга ушбу Кодекснинг 437-моддаси 9-қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилмайди».

Лойиҳа Адлия вазирлиги томонидан Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 18 июль куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилиши (59-сон) баёнининг 11-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қайд этилишича, жисмоний шахслардан уч баравар миқдорида ер солиғи ундиришни вақтинчалик тўхтатиб туриш орқали, уларни давлат томонидан ижтимоий жиҳатдан қўшимча қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш назарда тутилмоқда.

Маълумот учун, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунининг 45-моддасига мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки унинг бир қисмининг амал қилиши уни қабул қилган орган ёхуд унинг юқори турувчи органи томонидан муайян муддатга ёки муайян ҳодиса юз бергунига қадар тўхтатиб турилиши мумкин.

скачать dle 12.0


Flag Counter