Ички ишлар вазирлигига яна бир ваколат берилмоқда

Ички ишлар вазирлигига яна бир ваколат берилмоқда

Сенатнинг ўттиз олтинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди.

Мажлисда сенаторлар йўлларимизда содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари жамиятимизни хавотирга солаётганини қайд этиб, уларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишда тегишли масъул ходимларнинг масъулиятини янада оширилиши лозимлигини таъкидлашди.

Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида ҳам мавжуд бўлган камчиликлар автомобиль йўлларида турли қоидабузарликлар ва ўлим билан тугаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг содир этилишига сабаб бўлмоқда, дейилади хабарда.

Қонунга кўра, автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича фаолиятни, шунингдек автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларининг малакасини ошириш юзасидан хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятни лицензиялаш бўйича ваколатли орган мақоми Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан Ички ишлар вазирлигига ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, қонун билан автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш соҳасида фаолиятни лицензиялаш учун тўланадиган давлат божи базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида белгиланмоқда.

Хабарга кўра, «Давлат божи тўғрисида»ги ҳамда «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунларга ҳам тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.