Шавкат Мирзиёев айрим телеканаллардаги кўрсатув ва сериаллар савиясини танқид қилди

Шавкат Мирзиёев айрим телеканаллардаги кўрсатув ва сериаллар савиясини танқид қилди

Ўзбек телеканалларида эфирга узатилаётган аксарият лойиҳалар ёшлар тарбиясини бузиш ва оилавий қадриятларни издан чиқаришга сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда 19 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида сўз борди, дея хабар бермоқда «Дарё».

«Бугун айрим телеканалларимизда намойиш этилаётган кўрсатувлар, кўнгилочар дастур ва сериалларнинг маънавий-ахлоқий савияси одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўляпти. Уларнинг аксарияти ёшларимизнинг маънавиятини юксалтириш ўрнига, тарбиясини бузиш, оилавий қадриятларимиз ва ахлоқий қарашларимизни издан чиқаришга сабаб бўлмоқда. Бу – аччиқ ҳақиқат.


Телеканаллар қошидаги бадиий кенгашлар қаёққа қараяпти? Улар қайси мезонлар асосида иш кўряпти?
», – деди Президент.

Давлат раҳбари Миллий телерадиокомпания, «Ўзбеккино» миллий агентлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Маънавият маркази раҳбарларига икки ой муддатда барча телеканаллар қошидаги бадиий кенгашлар фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, уларнинг низомини қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқ берди.

«Керак бўлса, бу борадаги мавжуд қонунчиликни ҳам такомиллаштириш керак», – деди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев савиясиз кўрсатувларни танқид қилган маҳалла фаолининг таклифига муносабат билдирган эди.

«Мана, ҳозир сиз айтган кўрсатув бўйича топшириқ берсам, дарров ўша лойиҳани ёпиб юборишади. Аммо бу цензура дея баҳоланмайдими, очиқлик ва сўз эркинлиги бўйича қилаётган ислоҳотларимизга ўзимиз қарши чиққан бўлиб қолмаймизми? Савиясиз деб ёпиб юборган кўрсатувларимизнинг ўрнига қандай лойиҳалар яратилади, уларни бошловчи сифатида кимлар олиб боради?

Ўйлайманки, бу каби лойиҳалар ҳам бугунги ўтиш даврининг бир маҳсулоти. Одамларимиз энди эмин-эркин яшашга ўрганяпти. Биз енгил-елпи кўрсатувларни бутунлай тўхтатиш тўғрисида эмас, балки савиясини ошириш ҳақида ўйлашимиз лозим
», – деган эди Президент.