“Орамиздаги қаҳрамонлар” лойиҳаси бошланди

“Орамиздаги қаҳрамонлар” лойиҳаси бошланди

Хоразм вилоятида яшаётган ўз фаолиятида бошқалар ҳавас қиладиган даражага етишган инсонлар билан интервьюлар ташкил этилди. Интервью қаҳрамонлари ўзларининг ёшлиги, мақсадлари, тўқнашган муаммолари, таслим бўлмаслик сирлари ва шахсий тажрибалари ҳақида чуқур мулоҳазалар билдиришди.

Орамиздаги қаҳрамонлар лойиҳасида ҳар хил соҳа вакиллари, мутахассислари меҳмон бўлишди. Қаҳрамонларнинг йўналишлари таълим, тиббиёт ва кино. Бир қараганда бу соҳа вакиллари ўз ҳаёт йўлларида умуман тўқнашмаслиги мумкин, фақат бизнинг лойиҳамиз бундан мустасно.

Лойиҳа қаҳрамонлари ҳаёти турфа хиллигини таъкидладик, лекин уларни бир бирига ўхшайдиган жиҳатлари ҳам мавжуд. Улар ўз йўналишида эришган ютуқлари билан ёшларнинг кумирига айланиб улгуришган.

Айрим инсонлар борки ўз ҳаёти давомида, касб танлашда чуқур масъулият билан ёндашмайдилар, оқибатда ўзи ёқтирмайдиган, юраги суймайдиган, кўзлари ёниб бахт улашмайдиган соҳанинг оддий ходимларига айланишади. Агарда сиз мақсадни аниқ қўйиш, ўз касбига муҳаббат билан қараш, дунёнинг энг ривожланган давлатларига яшаш имкониятидан оилани танлаш ва оиланинг муҳим ўрнини тушуниш, зўр китоблар, зўр кинолар рўйхатини билиш, фалсафа, психология ва мотивация қизиқтирса лойиҳамиз қаҳрамонлари билан яқиндан танишишга таклиф қиламиз.

Қаҳрамонимиз инглиз тили бўйича ҳар хил миқёсдаги ва шу ўринда Республика даражасидаги олимпиадалар ғолиби, Ўзбекистон Республикаси Президентларига таржимонлик қилган, Америкада яшаб малака оширган ва “Ielts Imperiya” инглиз тили ўргатиш маркази раҳбари Хушнуд Рустамович.

Университетни битириб Урганчга қайтган қаҳрамонимиз бир неча ой иш топа олмай иқтисодий муаммоларга дуч келади. Инглиз тилини мукаммал билиши ва буни ўзгаларга ҳам ўргата олиш имкони борлигини дўстига айтганда, дўсти унга бепул SМS рекламадан фойдаланишни маслаҳат беради. Айнан шу маслаҳат келажакда инглиз тили ўргатиш бўйича катта нодавлат таълим маркази очилишига туртки бўлиб хизмат қилади. Бепул реклама орқали келган 4 та ўқувчини 1 соатдан инглиз тили бўйича тайёрлаш курси бошланади. Ҳозирда эса 200 дан ортиқ ҳар хил ёшдаги инсонлар Хушнуд Рустамовичнинг ўқувчиларидир. 

Ўз ютуқларининг асосий сабаби меҳнат деб ҳисоблашини ва у омадга ишонишини омад эса меҳнатсеварларни ёқтиришини таъкидлайди қаҳрамон. - Яқиндагина Президентимиз видеоселектордаги таклифига кўра Ўзбекистондаги 53 минг ўқитувчи инглиз тилини ўрганиши. Бу дегани сертификат олиши шарт. Бу ҳам бизнинг омадимиз, чунки айнан ушбу сертификатга бизнинг марказимиз ўқитади. Лекин айнан бу омадни ушлаш бизнинг меҳнатимизга боғлиқ, -  дейди Хушнуд Рустамович.

 

 

1 миллиард сўм кредит олиб ташкил қилинган “AZZA MED” клиникаси раҳбари, фармацевт Бекзодбек Амонгалдиев.

Бекзодбек 3 йил давомида ўқишга топшириб, ниҳоят ўз кучи билан 2013 йил Тошкент Фармацевтика университетига иккинчи ўринда грант асосида талаба бўлади. Фармацевтларни жуда ҳам ҳурмат қилишини ва фармацевтикага бўлган муҳаббати йилдан-йилга кучаётганини таъкидлайди қаҳрамон.

Қаҳрамон ҳаёти давомида ўзи чуқур билмайдиган, ўзига нотаниш соҳада иш бошлаб, катта қарзларга ботганини ва бу вазият унинг руҳиятига таъсир қилиб, тушкунлик ҳолатлари бўлганини айтиб, энг асосий хулоса ҳар бир инсон ўз ишига масъулият билан ёндашиб тажриба орттириб, аниқ режалар асосида ҳаракат қилиш маъқуллигини айтади.

Сизнинг клиникангиз бошқалардан фарқи нимада?

-  “Ибн Сино бобомиз айтганидай беморни энг аввало руҳиятини даволаш керак деган. Шў ўринда ишонч билан айта оламанки клиникамизда беморлар билан муомила маданияти жуда юқори. Ҳар бир ишчини ўзим суҳбатдан ўтказганман. Ишга қабул қилинган катта талаб ва масъулият билан ишга қабул қилганмиз. Клиникада ҳамма шароит етарли, - дейди Бекзод.

 

 

 

“Аҳмадбой Раҳматбой” супер комедияси режиссёри, “Ғаройиб пуллар” фильми режиссёри, Хоразм вилояти мусиқали драма театри бош режиссёри, Хоразм вилоят миллий телерадиокомпанияси режиссёри Журъатбек Сотиболдиев.

Журъатбекнинг ҳаётидаги энг катта ижодий ишларидан бири бу Эркин Самандарнинг “Султон Жалолиддин” асари саҳналаштирилгани бўлган. Бу спектаклни саҳналаштиришда  буюк бобомиз Жалолиддин Мангуберди ҳаётини юракдан ҳис қилишга ҳаракат қилган. Айнан шу спектаклни Туркиянинг Истанбул шаҳрида қўйиш имконияти берилган бу ҳам унинг ижодига берилган бир баҳо.

Ижодкорда биринчи навбатда қалб муҳим ўрин тутади. Инсон инсонийлигини йўқотса ҳайвондан фарқи қолмаса керак, ҳар доим ҳар қандай вазиятда ҳам инсонийлигимиздан воз кечмаслигимиз керак. Саҳнадаги ҳар қандай қийинчилик ман учун бахт. Кимдир бу соҳани пул топиш учун ҳам танлаши мумкин, лекин у бу касбни чин дилдан севмаса орзу қилган пулни ҳам топа олмайди. Бахт пулда эмас, ижодимиз орқали томошабинларга инсонийликни, яхшиликни тарғиб қила олсак мен мақсадимга етишдим деб ҳисоблаган бўлардим, -  дейди Журъатбек.

 

 

 

Агарда сизнинг олдингизда ҳар доим орзу қиладиган касбни танлаб, ўша соҳада ишлаш имконияти мавжуд бўлиб, лекин қарор қабул қилишга қўрқув бўлса албатта бу ҳақида чуқур ўйлаб кўринг. Ўзингиз хоҳлаган ҳаётни қуриш ўз қўлингизда.

Нажотбек Машарипов