ID-карталарни расмийлаштиришнинг янги схемалари тасдиқланди

ID-карталарни расмийлаштиришнинг янги схемалари тасдиқланди

Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Президентнинг 2.12.2016 йилдаги ПФ-4861-сон фармонининг 5-бандида 55 ёшга тўлган ва туризм мақсадида 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга Ўзбекистонга келувчи ХХР (туристлар гуруҳлари таркибида), АҚШ ва Вьетнам фуқаролари учун 50 доллар миқдорида йиғим бекор қилинди.

Президентнинг 22.09.2020 йилдаги ПФ-6065-сон фармонига 1, 2-иловалар 201 ва 211-бандлар билан тўлдирилди, уларга асосан 16 ёшга тўлган фуқароларга идентификация ID-карталари берилганда улар бир вақтнинг ўзида солиқ хизмати органларида солиқ тўловчи сифатида ҳамда жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйилади. Фуқаронинг биографик маълумотлари ўзгариши муносабати билан ID-карта алмаштирилганда бу ҳақидаги маълумотлар реал вақт режимида ДСҚ ва АТ «Халқ банки»га тақдим этиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картасини расмийлаштириш схемаларининг янги таҳрири тасдиқланди.

Консуллик йиғимлари тарифида 4-модда изоҳи хатбоши билан тўлдирилди, унга мувофиқ Ўзбекистонда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 1 йил муддатгача кўп марталик визани расмийлаштириш учун консуллик йиғими 175 доллар миқдорида ундирилади.

12-модданинг «Махсус рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи учун ишончномани тасдиқлаш учун» устунида йиғим миқдори белгиланган:

  • эрга (хотинга), ота-онага, болаларга ва набираларга белгиланган ставканинг 5 фоизи;
  • ака-укалар ҳамда опа-сингилларга белгиланган ставканинг 15 фоизи.

Ўзбекистон фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги низом 17-банди хатбоши билан тўлдирилди, унга мувофиқ фуқаролар хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш юзасидан ариза-анкетани ЯИДХП орқали электрон тарзда юборишлари мумкин. Бунда, ариза-анкетани электрон рақамли имзо ёки шахсни идентификациялашнинг бошқа воситалари билан тасдиқлаш талаб этилмайди.