Ижтимоий тармоқларда айрим газ қуйиш шохобчаларида тунги пайтда таниш-билишчилик қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалган

Ижтимоий тармоқларда айрим газ қуйиш шохобчаларида тунги пайтда таниш-билишчилик қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалган

Ижтимоий тармоқларда айрим газ қуйиш шохобчаларида тунги пайтда таниш-билишчилик асосида метан қуйилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. "Ўзтрансгаз" ушбу маълумотларга изоҳлаб, ёқилғи қуйиш шохобчалари ишидаги чекловлар қачон олиб ташланишини тушунтириб берди.

Эслатиб ўтамизки, 10 январдан бошлаб "Ўзтрансгаз" ёқилғи қуйиш шохобчалари ва бошқа улгуржи истеъмолчиларга газ етказиб беришни бутунлай тўхтатди. Бу аномал совуқ об-ҳаво пайтида аҳолини, ижтимоий аҳамиятга молик объектларни ва қозонхоналарни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш учун қилинган.

Шундай бўлсада, фойдаланувчиларнинг ёзишига қараганда, айрим “заправка”ларда тунги пайтда таниш-билишларга газ қуйилаётган эмиш.   Бунга жавобан “Ўзтрансгаз” айни пайтда барча газ қуйиш шохобчаларининг   фаолияти тўхтатилганини маълум қилган.

“Аммо, вилоят ҳокимликлари билан келишилган ҳолда, айрим шохобчалар куннинг маълум вақтида 1 соатдан 3 соатгача оралиқда коммунал хизматлари, электр таъминоти корхоналари, ободонлаштириш бошқармалари, аҳолига пропан тўлдирилган газ балонлар етказиб берувчи ташкилотларнинг автотранспорт воситаларига хизмат кўрсатмоқда”, - дея таъкидламоқда компания.

“Ўзтрансгаз” маълум қилишича, об-ҳаво ҳарорати кўтарилиб, қулай шароит пайдо бўлгач, барча шохобчалар одатдаги иш тартибида фаолият юритади.