Sangzor.uz изланиши: Руминияда ҳақиқатдан ҳам тош ёғганмиди?(Видеофакт)

Sangzor.uz  изланиши: Руминияда ҳақиқатдан ҳам тош ёғганмиди?(Видеофакт)

Бугун телеграм тармоғида Руминияда тош ёғганлиги ҳақидаги 35 секунддан иборат видео тарқалди. Бир қарашда бу монтажга ҳам ўхшади. Сабаби кўп йиллар телевидениеда ишлаганим бироз шубҳаланишимга сабаб бўлди. Чунки синчиклаб қаралса ёғаётган тош машинага зарар етказгани йўқ. Яъни автомобилларнинг биронтасининг ҳам ойнаси синмаяпти.

Монтаж усталари “Adobe After Effect” дастуридан фойдаланган бўлса керак деб ўйладим. Қарасам кун давомида турли телеграм каналлари, ижтимоий тармоқларда ушбу видеони роса айлантиришяпти. Камига диний мотивларни ҳам аралаштиришмоқда. Гўёки гуноҳлар учун берилган азоб эмиш.

Яхши ҳам интернетни имкониятлари кўп. Youtube.com сайтидан ушбу воқеага дахлдор воқеа бўлганми ёки йўқ дея излай бошладим. Аслида ушбу воқеа ҳақиқатдан ҳам бўлган ва фақат 2019 йил май ойининг сўнгги кунларида тармоққа жойлаштирилган экан.

Воқеа Руминиянинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Залеу шаҳрида содир бўлган. Ўша куни шаҳарда дўл ёғиб, маҳаллий аҳоли томонидан ушбу тасвирлар телефонда ёзиб олинган.  

Воқеа 2019 йил 28 май куни содир бўлган ва атиги 5 дақиқа давом этган. Аммо шаҳар иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли хонадонларига катта миқдорда зарар етган.

Катталиги 5 сантиметргача бўлган  муз ва дўл бўлаклари юзлаб машиналарга, шунингдек, уйларнинг томлари ва деразаларга зарар етказди.

Аслида бу воқеанинг 11 ойдан сўнг Ўзбекистонда оммалашишини телеграм админларининг хайп, яъни сохта обрў учун тармоққа жойлаштиришидан бошқа нарса деб изоҳлаш зарур.

Ҳурматли сайтимиз фойдаланувчилари, тарқатилаётган ҳар қандай ахборот ҳақида унинг ҳақиқатга нақадар тўғри келишини албатта текшириб кўринг ва фақат расмий манбаларда тарқатилаётган хабарларни кузатиб боринг.

Ҳакимжон Фозилов - Sangzor.uz  бош муҳаррири