News time: "Артел" ҳомийлигида қурилган уй, ўрнида қолган прокурор ва 5G тақдим этаётган Ўзтелеком

News time: "Артел" ҳомийлигида қурилган уй, ўрнида қолган прокурор ва 5G тақдим этаётган Ўзтелеком

"Артел" ҳомийлигида қурилган уй 8-март куни пешағорлик аёлга топширди

Зомин туманидаги Пешағор маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Бобур Умурзаковнинг маълум қилишича, ўтган йили уйма-уй юрилиб аҳолининг яшаш тарзи, ижтимоий муаммолари ўрганиб чиқилганда Салима Бўриеванинг уй-жойга эҳтиёжи борлиги маълум бўлган ва масъуллар иштирокида унга янги хонадон қуриб бериш учун ҳомийларга мурожаат қилинган.   

Тумандаги энг йирик ишлаб чиқариш мажмуаларидан бири ҳисобланган "Зомин Самсунг" корхонаси ташаббус кўрсатиб фуқаронинг уйини тўлиғича қуриш учун маблағ ажратиб берди. Ўтган давр мобайнида эски уй бузилиб, унинг ўрнида ҳамма қулайликни ўзида мужассамлаштирган янги хонадон қад ростлади. 8-март куни маҳалла жамоатчилиги ва хомийлар иштирокида мазкур хонадон ўз эгасига топширилди. Шунингдек, Артел компаниясидан совға сифатида телевизор, музлаткич, кондиционер ҳамда газ плитаси совға сифатида топширилди. 

Ёлғиз она ҳисобланган С.Бўриева ногирон фарзандни вояга етказмоқда. У ҳозирда фарзанди билан янги уйга кўчиб кирди.  

Ўзбекистонда ID карта ва хорижга чиқиш паспортини янгисига алмаштириш тартиби такомиллаштирилади

Ички ишлар вазирлиги “Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-картаси ва хорижга чиқиш биометрик паспортининг амал қилиш муддати тугаганлиги муносабати билан янгисига алмаштириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги президент фармони лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Ҳужжат лойиҳаси билан 2023 йил 1 июнга қадар фуқаронинг идентификация ID-картаси ҳамда хорижга чиқиш биометрик паспортининг амал қилиш муддати тугагани муносабати билан уни янгисига алмаштириш билан боғлиқ хабарномалар белгиланган тўловлар асосида Мобил-ID тизими орқали идентификацияланган мобил телефон рақамига ёки Ягона идентификация тизими ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинетига боғланган мобил телефон рақамига SMS-хабар шаклида юборишни жорий этилиши мумкин.

Фармонга мувофиқ, икки ой муддатда Ўзбекистон фуқаросининг “Электрон ҳукумат” тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш бўйича ягона ахборот тизимининг таркибий қисми ҳисобланадиган Мобил-ID тизими ёрдамида проактив шаклда хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилишини таъминлаш мақсадида зарур ахборот тизимларининг ўзаро интеграция қилиниши таъминланади.

Энди давлат ходимларига банк ишламайдиган кунлари ҳам ойлик тўлаш мумкин бўлади

Шу пайтгача Иқтисодиёт ва Молия вазирлигининг ғазна ҳисоб рақамларидан тўловларни амалга ошириш имконияти мавжуд эмас эди. Бу қарор билан Марказий банкнинг тезкор тўлов тизимига интеграциялаштириш натижасида тўловларни 24/7 режимида амалга ошириш мумкин. Яъни дам олиш ва байрам кунларида ҳам исталган тўловларни ғазна ҳисоб рақамидан амалга ошириш мумкин бўлади. Бу банк иш кунига тааллуқли бўлмайди. Яъни маблағлар онлайн режимда, тезкорлик билан тўланади.

Масалан, бюджет ташкилот ходимларининг ойлик иш ҳақи байрам кунларига тўғри келадиган бўлса, Молия вазирлигида молиялаштириш имконияти бўлмайди. Чунки байрам ёки дам олиш кунлари банк ишламайди. Шунинг учун тўлов қилиб бўлмайди.

Қарорда кўрсатилганки, 24/7 режимда тезкор тўлов тизимига уланганидан кейин дам олиш кунларими, бошқа кунларими, ойлик иш ҳаққини ўтказиб бериш имконияти яратилади. Айнан “ойнинг охири ёки шанба кунига тўғри келди, байрам кунларига тўғри келди. Банк эртаси куни ишламас экан”, деган муаммолар бўлмайди. Тезкор тўлов тизимига улансангиз, шу куннинг ўзида тўловни амалга ошираверасиз.

Конституция бўйича референдум 30 апрелга белгиланди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Қонун умумхалқ референдумида овозга қўйилади. Референдум 30 апрел, якшанба кунига белгиланди.

Конституцияни ўзгартириш бўйича қарор юзасидан Конституциявий суднинг хулосасини олиш тўғрисидаги масала ҳам қўллаб-қувватланди.

Референдум бюллетенида: “Сиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунини қабул қиласизми?” деб ёзилади.

“Биз фақат янги таҳрирни қабул қиляпмиз. [Бундан кейин ҳам] Конституция қабул қилинган кун – 8 декабр умумхалқ байрами сифатида нишонланади”, – дея аниқлик киритди Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов.

Палатанинг 10 март кунги ялпи мажлисида иштирок этган депутатлардан 132 нафари Конституциянинг янги таҳрири тўғрисидаги қонунни қўллаб-қувватлади, икки депутат бетараф қолди, уч депутат овоз бермади.

Исломжон Эргашхўжаев Жиззах вилояти прокурорлиги лавозимида қолди

У муқаддам Тошкент вилояти ҳокими ва Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Исломжон Эргашхўжаев Жиззах вилояти прокурори лавозимига иккинчи муддатга тайинланди.

«Бош прокурорнинг буйруғига асосан адлия катта маслаҳатчиси Исломжон Жасурович Эргашхўжаев Жиззах вилояти прокурори лавозимига иккинчи муддатга тайинланди», дейилади хабарда.

Исломжон Эргашхўжаев 1970 йилда туғилган, Тошкент давлат юридик институтини (ҳозирда университет) тамомлаган.

1999-2004 йилларда Бош прокуратурада турли лавозимларда ишлаган, 2009 йилга қадар Тошкент шаҳри Миробод тумани прокурори бўлган. 2009-2011 йилларда Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳри прокурори, 2011 йилда Оҳангарон тумани прокурори бўлган, 2011 йилдан 2016 йил мартига қадар Пскент тумани ҳокими лавозимини эгаллаган.

2016 йил мартида эса Тошкент вилояти ҳокимининг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланади. 

2016 йил 15 августида Тошкент вилояти ҳокимлигида ярим йилдан ортиқроқ ишлаган Содиқ Абдуллаев ўрнида иш бошлайди. 2016 йил декабрида Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари лавозимига ўтказилади.2017 йил ноябридан буён эса  Жиззах вилояти прокурори лавозимида ишлаб келмоқда.

Умумхалқ ҳашари 18 мартга кўчирилди 

“Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида 2023 йил 11 март куни ўтказилиши белгиланган умумхалқ хайрия ҳашари бир ҳафтага кечиктирилди.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши асосида, ҳашар Наврўз умумхалқ байрами ва муборак Рамазон ойи арафасида ҳамда тадбирга пухта тайёргарлик кўриш ва уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида 2023 йил 18 мартга кўчирилган.

Шу куни маҳаллалар, аҳоли турар жойлари, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар, болалар майдончалари ва бошқа жойларни ободонлаштириш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш тадбирлари ташкил этилади.

Наврўз арафасида ички саёҳатларга чегирмалар эълон қилинди

Ўзбекистонликлар учун авиачипталар, музейлар, маданий мерос объектлари, зиёратгоҳ ва қадамжоларга кириш чипталарига чегирмалар берилади. 

Маданият ва туризм вазирлиги томонидан Наврўз байрами муносабати билан 2023 йил 19-23 март кунлари аҳолининг дам олиш кунларини мароқли ташкил этиш ҳамда ички туризм йўналишида саёҳатларга жалб қилиш мақсадида республика бўйлаб чегирмалар жорий этилди.

 «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси 18-22 март кунлари Ўзбекистон бўйлаб амалга ошириладиган маҳаллий авиақатновларнинг эконом ва бизнес класс тарифларига 21 фоиз чегирма эълон қилди.

Бундан ташқари, Маданий мерос агентлиги томонидан байрам кунларида агентлик тизимидаги давлат музейи ҳамда дирекцияларнинг чипталарига 10 фоиз чегирмалар эълон қилинди.

Шу билан бирга, «Вақф» хайрия жамоат фондига қарашли ва пулли кириш чипталари жорий қилинган маданий мерос объектларида (зиёратгоҳ ва қадамжолар) 18–22 март кунлари кириш чипталар нархига катталар учун 20 фоизли ҳамда ёшлар учун 50 фоизли чегирмалар эълон қилинди.

Ўзбекистон бўйлаб  5G технологияси жорий этилмоқда

2023 йил 1 мартдан бошлаб UZTELECOM жамоаси мобил интернет тезлигини ошириш ва бутун мамлакат бўйлаб 5G технологиясини жорий этишга қаратилган тармоқни модернизация қилиш лойиҳасини бошламоқда. Лойиҳа доирасида мавжуд таянч станциялари модернизация қилинади ва янгилари ўрнатилади.

UZTELECOM мобил алоқа тармоғини модернизация қилишга қаратилган «Янгиланиш мавсуми» кенг кўламли лойиҳасини ишга туширмоқда. Лойиҳадан бутун мамлакат бўйлаб 3 000 дан ортиқ мавжуд таянч станцияларини энг сўнгги технологиялар бўйича янгилаш, шунингдек, 2 000 дан ортиқ янги таянч станцияларини қуриш ва ишга тушириш мақсад қилинган. Бу Ўзбекистон бўйлаб мобил алоқа сифатини яхшилаш, LTE стандартидаги мобил интернет тезлигини ҳамда унинг қамровини ошириш имконини беради.