Такрорий гувоҳномалар бериш тартиби (ролик)

Такрорий гувоҳномалар бериш тартиби (ролик)

 Фуқаро ўзига тегишли туғилганлик, никоҳ тузилгани ва никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳномалар йўқолган тақдирда ёки улар яроқсиз ҳолатга келиб қолган тақдирда, такрорий гувоҳномалар олиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун у ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва ариза билан далолатнома ёзувларини қайд этган ДХМга бевосита ёки ўзи яшаб турган жойдаги ФҲДЁ бўлими орқали мурожаат қилиши мумкин. Яшаш жойидаги ФҲДЁ органи орқали такрорий гувоҳнома бериш тўғрисидаги илтимос билан мурожаат этилганда, аризани қабул қилган ФҲДЁ органи уни далолатнома ёзувини қайд этган ФҲДЁ органига ижро учун жўнатади.

Ариза берувчи далолатнома ёзуви қайд этилган ФҲДЁ органига мурожаат қилса, такрорий гувоҳнома шу куннинг ўзидаёқ тақдим этилади. Болаларга, вояга етмаганларга ва муомалага лаёқатсиз шахсларга эса бундай ҳужжатлар уларнинг ота-оналари (ёки фарзандликка олувчилари), васийлари, ҳомийлари, болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш муассасалари маъмуриятлари аризалари бўйича берилади.

Хорижда истиқомат қилувчи фуқароларга такрорий гувоҳномалар чет тилида тузилган ва нотариал тасдиқланган ишончнома орқали берилишига рухсат этилади. Бу жараёнда ишончнома белгиланган тартибда легализация қилинган ҳолдагина қабул қилинади ёки апостиль қўйилган тақдирда такрорий гувоҳнома берилади.

Вафот этган шахсга нисбатан туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳнома берилмайди. Фақат зарур ҳолларда у туғилгани тўғрисида маълумотнома тақдим этилиши мумкин. Ўлим ҳақидаги такрорий гувоҳнома эса марҳумнинг яқин қариндошлари ва меросхўрларига ёки қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланган ишонч қоғозига эга шахсларга берилади.

Бугунги кунда Базавий ҳисоблаш миқдори 223 000 сўмни ташкил этади. Тўлов миқдори эса герб йиғими учун БҲМнинг 15 фоизи яъни 33 450 сўм. давлат божи учун БҲМнинг 15 фоизи 33 450 сўмни ташкил этади. Шунингдек, пуллик хизмат кўрсатганлик учун БҲМнинг 5 фоизи миқдорида 11 150 сўм йиғим олиниши мумкин.