Расул Кушербаев «Миллий тикланиш» партиясини фитна, иғво ва муаммоларни сунъий яратишда айблади

Улашиш:

ЎзЛиДеП вакили Расул Кушербаев 6 май куни эълон қилинган мақоласида «Миллий тикланиш» партиясини муаммоларни сунъий яратиш, одамларни уриштириш, низо чиқариш, оддий айтганда, фитна қўзғашга ўхшаш ҳаракатларда айблади.

Кушербаевга кўра, охирги вақтларда у «Миллий тикланиш» партиясининг чиқишларига эътибор қилмасликка уриняпти.
«Чунки партия вакиллари муаммоларни сунъий яратиш, одамларни уриштириш, низо чиқариш, оддий айтганда, фитна қўзғашга ўхшаш ҳаракатлар қилаётганга ўхшайди. Балки адашгандирман, бироқ бу сўнгги пайтлардаги шахсий кузатувларим.

Шу боис ҳар бир иши, чиқишига эътибор қилаверсам, мен ҳам айирмачига айланиб қоламан. Мен эса ўзбек, қирғиз, тожик, рус, корейс, татар, қозоқ, уйғур ва бошқа дўстларим, қадрдонларим билан «Сен ариқнинг у томонида экансан», деб уришишни истамайман.

Бироқ ушбу партия нашрининг 5 май 15-сонида жимжимадор қилиб ишланган коллаж остида босилган «Жаноб Либераллар, сукут аломати ризоми?» сарлавҳали мақолада негадир яна сунъий равишда тадбиркорларга мен, Дониёр Ғаниев ва биз аъзо бўлган партияни ёмон кўрсатишга уринишибди. Бунақа «бозорбоп» чиқиш учун энг муносиб жавоб аслида эътибор бермаслик эди. Лекин андишанинг оти ҳам қўрқоқмас, индамасак бўлмаслигини тушундик.

«Миллий тикланиш» партияси газетаси баҳонасида уларга бир нарсани эслатиб ўтмоқчиман: ЎзЛиДеП фракциясидаги ҳар бир депутат алоҳида индивидуал шахс ва ҳар бирининг ўз мустақил фикри бор. Фикрлар доим ҳам бир жойдан чиқмаслиги мумкин. Чунки либераллик, аввало, эркинлик ва янгиликка интилиш дегани.

Ҳаммани бирдек, бир қолипда фикрлашга ўргатиш ва айттириш собиқ иттифоқ мафкурасига хос иш. Бу мафкура кўпроқ «Миллий тикланиш»га ёққан кўринади. Ёқса, марҳамат, ворислик қилаверинг, бироқ бизни тинч қўйинг!

Яна бир гап. Мақолада иддао қилинган мавзу, яъни кўчалардаги реклама масаласида мен ўз фикримни айтдим: ёқадими-йўқми, буниси қизиқмас. Йўллар, аввало, ҳайдовчи ва йўловчига қулай бўлишини истайман, йўл реклама майдони ёки бозор эмас. Йўл, бу ўз номи билан йўл ахир. Йўл бўйларига ҳар қандай бўлар-бўлмас реклама воситалари қўйилишига шахсан мен қаршиман. Бу гапим ёқмаса ёқмас, бироқ сунъийлик қилиб, ёқмаган гапни ёқди, деб айтолмайман-ку! Хуллас, реклама қилишга йўлдан бошқа жой топиш керак», – дейди депутат.

Расул Кушербаевга кўра, «Миллий тикланиш» партияси яқинда қабул қилиниб, Сенатга юборилган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси вақтида диний таълимни кенгайтириш таклифига ҳам қаршилик билдирган.

«Дарвоқе, сўнгги вақтлар «Миллий тикланиш» партияси миллат тақдири, тарбия, билим деган гапларни бот-бот такрорламоқда. Агар ростдан ҳам шундай бўлса, нима учун куни кеча минглаб, керак бўлса, миллионлаб юртдошларимиз кўз тикиб турган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш жараёнида айнан «Миллий тикланиш» партияси вакиллари диний таълим муассасасида таълимни кенгайтириш масаласига қарши чиқди? Диний билим, шу жумладан, муқаддас Ислом дини ҳақида таълим олиш фақат диний соҳа ходимлари учун эмас, аҳоли, шу жумладан, ота-оналар учун ҳам эркин бўлиши зарурлигини таъкидлаган Дониёр Ғаниев ва мени нима учун қўллаб-қувватлашмади? Аксинча, улар буни терроризм, радикализм билан боғлади, юртдошларимизга бу масалада ишонишга эрта, деган қараш билан диний таълимда эркинлик берилишига қарши чиқди, фақат диний идора ходимлари учун диний таълим олиш мумкин, деган эскирган қолипни ёқлади.

Ушбу позициянгиздан кейин ҳам Сизларни ким деб аташимиз керак, «Миллий тикланиш»ми ёки? Мен атайин мақоладаги айрим чалкашлик ва оддий саводхонлик масаласидаги қўпол хатоликларга ҳам кўз юмдим», – ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.

Расул Кушербаев мақола якунида «Миллий тикланиш»нинг ўзидан бошқа ташвиши, муаммолари ҳам кўплигини айтиб, ҳар хил фитна, ғийбатлар билан эмас, партия олдида турган жиддийроқ ишлари билан шуғулланишни тавсия қилган.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.