Ўзбекистон чегарасини 20 кун ичида қанча афғонистонлик бузиб ўтгани маълум қилинди

Улашиш:

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов 12 июль, душанба куни ўтказилган брифингда Афғонистондаги вазият ва Ўзбекистон чегарасини бузиб ўтган афғонистонликлар ҳақида гапирди, дея хабар бермоқда «Дарё».

«Афғонистонда кучайиб бораётган зўравонликлар бўйича расмий позициямизни Ташқи ишлар вазирлиги 24 июнь куни билдирган эди. Бу ҳақда брифинглар давомида ҳам бир неча марта сизлар билан фикр алмашган эдик.

2021 йилнинг 23 июнидан бошлаб Афғонистоннинг қуролланган шахслари Ўзбекистон чегарасини бир неча маротаба ноқонуний бузиб ўтмоқчи бўлган. Уларнинг умумий сони шу кунга қадар 150 кишига етди ва барчаси тергов, суриштирув ишлари олиб борилганидан кейин халқаро қонунчиликка мувофиқ, ўз давлатига қайтариб юборилди. Яъни ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳудудида Афғонистоннинг бирорта фуқароси ноқонуний бошпана топгани йўқ ва чегараларимиз дахлсизлиги ҳеч қандай шубҳа остига қўйилмайди. Ўзбекистон келгусида ҳам ўз ҳудудига ноқонуний ўтишларига йўл қўймайди.

Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятдан, албатта, хавотирда. Биз икки давлат ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатларини янада ривожлантиришдан манфаатдормиз ва ушбу давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тарафдоримиз», — деди Асадов.

Эслатиб ўтамиз, 22 июнь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва қатор манфаатдор ташкилотлар таклифига кўра, Республика махсус комиссияси Афғонистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият кескинлашаётганини инобатга олиб, ўзбек-афғон давлат чегараси орқали фуқароларнинг ҳаракатланишини вақтинча тўхтатишга қарор қилганди.

23 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон телефон орқали суҳбатда бугунги кунда қўшни Афғонистонда, хусусан, унинг шимолий ва шимоли-шарқий вилоятларида, икки мамлакатнинг Афғонистон билан давлат чегараси ўтадиган ҳудудлари бўйлаб вужудга келаётган таҳликали вазиятни ҳам муҳокама қилиб, ушбу мамлакат билан чегара чизиғидаги вазиятни жуда кескин деб баҳолаганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.