Шавкат Мирзиёевнинг 15 та муҳим ислоҳоти

Улашиш:

Ўзбекистонда 2017—2021 йиллар давомида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар янги даврни бошлаб берди. Жадал ўзгаришлар барча соҳаларни, жумладан давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, ташқи сиёсатни қамраб олди.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати сўнгги беш йилда мамлакат ҳаётида катта ўзгаришларга сабаб бўлган, энг самарали ташаббус ҳамда ислоҳотларни аниқлаш учун навбатдаги экспертлик сўровини ўтказди. 

Маълумот учун: Экспертлик сўрови ҳар икки йилда етакчи сиёсатчилар, иқтисодчилар, олимлар, журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва бошқа жамоат фаолларидан иборат 100 нафар маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирокида ўтказилади. Улар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган энг муҳим ташаббус ва ислоҳотлар рўйхатини тузади ва овоз бериш йўли билан тарихий аҳамиятга эга асосий ислоҳотларни аниқлайди. 2019 йилда ўтказилган экспертлик сўровида давлат раҳбарининг 10 та энг муҳим ташаббуси овоз бериш орқали аниқлаб олинган эди.  

Жорий йилги глобал сўров натижаларига кўра, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тарихий аҳамиятга молик 15 та муҳим ислоҳоти шакллантирилди. Экспертлар фикрича, Ўзбекистон етакчисининг энг муҳим ислоҳоти бу — Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатларининг ўрнатилгани, чегаралар очилгани ва назорат пунктлари ташкил этилгани, Марказий Осиё давлатлари билан барча масалалар бўйича конструктив мулоқот йўлга қўйилгани (96 та овоз).

Ислоҳотлар рўйхатининг кейинги ўринларидан қуйидагилар жой олди: 

  1. Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатилди
    2.    Валюта бозорининг эркинлаштирилиши, нақд пул билан боғлиқ муаммолар бартараф этилиши 
    3.    Давлат хизматлари тизимининг ривожлантирилиши, Давлат хизматлари марказларининг ишга туширилиши, ортиқча бюрократияга барҳам берилиши
    4.    Туризмни ривожлантириш доирасида 90 мамлакат учун визасиз режим, 48 мамлакат фуқаролари учун визасиз транзит режими жорий этилиши 
    5.    Инсон ҳуқуқлари кафолатларининг кучайтирилиши, мажбурий меҳнат, шу жумладан болалар меҳнатининг тугатилиши 
    6.    Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва давлат органларининг очиқлиги бўйича янги тизимнинг жорий этилиши
    7.    Медиа муҳитнинг кенгайтирилиши: ОАВларнинг жамиятдаги, муҳим ҳукумат қарорлар қабул қилинишидаги ролининг оширилиши 
    8.    Гендер сиёсатини янги босқичга олиб чиқилганлиги, хусусан Республика Гендер комиссиясининг ташкил этилиши 
    9.    Олий таълим тизимининг ривожлантирилиши: университетларга қабул квоталарининг оширилиши, миллий ва хорижий ОТМлар филиалларининг очилиши 
    10.    Тадбиркорлик муҳити яхшиланиши, хусусан бизнесни рўйхатдан ўтказиш ва уни юритиш бўйича жараёнлар соддалаштирилиши 
    11.    Камбағалликни расмий даражада тан олинганлиги ва уни қисқартириш бўйича комплекс ёндашув шаклланиши 
    12.    Коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий ва институционал ўзгаришларнинг амалга оширилиши 
    13.    Ёшларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими жорий этилиши
    14.    Ўзбекистонда тўғридан-тўғри 15 йил давомида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқароликни қабул қилиш тартибининг жорий этилиши
    15.    Орол денгизининг суви қуриган тубида ўрмон барпо қилиниши. БМТ қошида Орол денгизи минтақасида Инсон хавфсизлиги бўйича Траст фондининг ишга туширилиши, БМТ Бош ассамблеяси Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюциянинг қабул қилиниши

Глобал сўровда таниқли хорижий экспертлар, жумладан, Франция ташқи сиёсат маркази президенти Фабьен Бауссарт, Холон технология университети президенти Эдуард Якубов, Васэда университетининг Марказий Осиё бўйича бош тадқиқотчиси Наоки Нихей, Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти директори ўринбосари Санат Кушкумбаев, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари Ронни Хайне, Халқаро хусусий тадбиркорлик маркази минтақавий директори ўринбосари Эрик Хонтц, «Америка овози» мухбири Навбаҳор Имомова, «The Guardian», «The Economist», «Independent Newspaper» нашрлари мухбири Жоанна Лиллис, «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат ташкилоти директори Мьюша Север, Лондон ва Дубайнинг «Diplomat Business Club» ишбилармонлик клуби раиси Мансур Малик ва бошқа қатор мамлакатларнинг давлат ва жамоат арбоблари иштирок этди.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати 

Манба: yumh.uz

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.