Марҳум ходимнинг отаси Бош прокуратурани судга берди

Улашиш:

Шу йилнинг апрел ойида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 33 ёшли ходими Самир Раҳмонов вафот этгани маълум қилинганди.

Расул Кушербаевнинг айтишича, марҳумнинг отаси депутатга мурожаат қилиб, ўғли хизмат вазифасини бажараётган вақтда иш жойида вафот этганлиги, тўрт нафар вояга етмаган фарзандлари боқувчисиз қолса-да, унинг оиласига қонунга асосан кафолатланган нафақа пуллари тўлаб берилмаётганини билдирган.

Мурожаатга тикилган тиббиёт ходимларининг 26.04.2021 йилдаги 10-сонли далолатномасида соат 10.35да тиббиёт бўлимига прокуратура ходимлари томонидан С.Раҳмоновнинг жасади олиб келингани билдирилган.

«Демак марҳумнинг иш вақтида иш жойида вафот этгани инкор этиб бўлмас факт.

Меҳнат кодексининг 192 ва 194-моддасида ходим меҳнат вазифаларини бажариш сабабли вафот этса зарарни тўлаши шартлиги, ходимнинг вафоти муносабати билан иш берувчи томонидан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори, марҳумнинг олти йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлиши мумкинмаслиги белгиланган.

Шунингдек, «Прокуратура тўғрисида»ги Қонуннинг 51-моддасида прокуратура органлари ходимларининг ҳаёти ва соғлиғи давлат ҳимоясида бўлади ҳамда республика бюджети маблағлари ҳисобидан давлат томонидан мажбурий тартибда суғурталаниши ва суғурта органлари прокуратура ходими ишлаётган даврида вафот этса, унинг меросхўрларига Меҳнат кодексининг 194 моддаси 2-қисмида назарда тутилган тартибда суғурта суммасини тўлаши кўрсатиб ўтилган.

Бироқ Бош прокуратура томонидан марҳум ходимнинг оила аъзоларига қонунда белгиланган нафақа пуллари берилмаган. Охири марҳумнинг отаси адолат излаб судга арз қилган.

ФИБ Миробод туманлараро суди эса даъво аризани қаноатлантиришдан рад этган. Судларимизнинг ҳозирги аҳволида Бош прокуратурага қарши даъвони қаноатлантириш эҳтимоли паст бўлса-да, марҳумнинг отаси қонун ижроси таъминланиши умидида қарор устидан Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти келтирибди: ахир адолат қарор топиши керакку», деб ёзади депутат.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.