Митинглар ортидан Ўзбекистон Қозоғистон шаҳарларидан бирига парвозларни тўхтатди

Улашиш:

“Uzbekistan Airways” АЖ Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрига парвозларни бекор қилди. Бу ҳақда акционерлик жамияти Матбуот хизмати маълум қилди. 

Қайд этилишича, Ақтау халқаро аэропорти халқаро парвозларни қабул қилишни ва амалга оширишни ёпганлиги муносабати билан жорий йилнинг 5 январь куни амалга оширилиши режалаштирилган HY-9725/9726 Урганч – Ақтау – Урганч йўналиши бўйича мунтазам қатновлари бекор қилинган. 

Авиакомпания ушбу йўналиш бўйича парвозларни амалга ошириш кунлари ҳақидаги қўшимча маълумот кейинроқ тақдим этилишини қўшимча қилган. 

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.  

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилган.

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.  

Қозоғистон Президенти Матбуот хизматининг хабар беришича, давлат раҳбари бугун, 5 январь куни “мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият” мавзусида ишчи учрашув ўтказади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.