Пахтакор тумани ҳокими ўзгарди

Улашиш:

Шукурулло Бабаев ўз аризасига кўра Пахтакор тумани ҳокимлигидан кетди.

Халқ депутатлари Пахтакор тумани Кенгашининг сессияси ўтказилди. Сессия кун тартибидаги масала бўйича вилоят ҳокими Эргаш Салиев сўзга чиқиб, сўнгги йилларда давлат раҳбари ташаббуси билан Пахтакор туманида мисли кўрилмаган даражада ўзгариш ва янгиланишлар рўй берганини айтиб ўтди.

Шу билан бирга, Пахтакор туманида амалга оширилаётган ишларнинг кўламини янада кенгайтириш, саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш борасидаги ишларни яна ҳам жонлантириш зарурлигини қайд этди. 

Шундан сўнг Ш.Бабаевни Пахтакор тумани ҳокими лавозимидан озод этиш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг қарорини депутатларга ўқиб эшиттирди. Ушбу масала овозга қўйилиб, депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Сессияда Ашуров Асилбек Рахмонович номзодини Пахтакор тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокими қарори қабул қилингани депутатларга маълум қилинди.

А.Ашуров шу кунга қадар прокуратура тизимида ва ҳамда вилоят ҳокимлигида фаолият юритган.

Асилбек Рахмоновичнинг келгуси фаолиятига муваффақият тилаймиз.  

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.