«Бир марталик ёрдам автомат тарзда тўланади» — молия вазири ўринбосари

Улашиш:

Молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев бир марталик моддий ёрдам кимларга ва қандай берилиши, нима учун тошкентликлар кўпроқ олиши ва пуллар қайси маблағлар ҳисобидан ажратилишини маълум қилди. «Тўловлар автомат равишда амалга оширилади. Ҳеч қандай ариза ёки мурожаат талаб қилинмайди», — деди у.

Президент Шавкат Мирзиёев 25 май куни пенсионерлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга бир марталик моддий ёрдам тўлаш тўғрисидаги қарорни имзолади. 2,2 трлн сўмлик ёрдам 8,9 млн аҳолини қамраб олади.

26 май куни Бухорода бўлиб ўтаётган камбағалликни қисқартириш бўйича халқаро форум арафасида Ўзбекистон молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев бир марталик тўловни ким ва қандай олиши, нима учун тошкентликлар кўпроқ ёрдам олиши ва пуллар қайси маблағлар ҳисобидан ажратилиши ҳақида гапириб берди, деб хабар беради «Газета.uz».

Жамшид Абруевнинг қайд этишича, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга ҳамда кам таъминланган сифатида болалар нафақасини олувчи оилаларнинг ҳар бир 18 ёшга тўлмаган боласига (жами 4,5 млн бола) 200 минг сўмдан тўланади.

Ёшга доир, ногиронлик пенсияси ва нафақасини олувчиларга, болаликдан ногиронлик нафақасини ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ва нафақасини олувчи ҳар бир оила аъзосига ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парваришлаш нафақасини олувчиларга Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — 300 минг сўмдан, Тошкент шаҳрида — 400 минг сўмдан берилади.

Жамшид Абруевнинг маълум қилишича, тўловлар фармон чиққан пайтдан бошлаб — 25-майдан бошлаб амалга оширила бошланди.

«Тўловлар пенсия ва нафақалар тўланадиган тартибда автомат тарзда амалга оширилади. Бунинг учун ҳеч қандай ариза ва мурожаат талаб этилмайди», — деди у.

Ҳозирда кам таъминланган оилалар нафақаси олувчиларнинг 70 фоизи банк карталарида пул олмоқда. Яқин кунларда бир марталик ёрдам уларнинг карталарига ўтказилади.

«30 фоиз нафақани нақд пулда олувчилар бор. Халқ банкининг жойлардаги филиалларига нақд пул маблағларини икки ҳафта муддатда тарқатиш топширилди. Пенсия масаласида ҳам худди шундай ҳолат», — деди вазир ўринбосари.

У ҳукумат томонидан биринчи марта 2020-2021 йилларда (икки мартадан) коронавирус пандемияси даврида аҳолининг бир қисми вақтинчалик даромад ва иш жойини йўқотганида бир марталик ёрдам тўланганини эслатиб ўтди. Йил охиригача янги тўловлар амалга ошириладими ёки йўқми, ҳозирча маълум эмас.

«Бу мамлакатдаги иқтисодий вазиятга, аҳоли эҳтиёжларига боғлиқ. Буни башорат қилиш қийин. Россия ва Украина ўртасидаги уруш, бозорлардаги [тебранишлар] ва аҳолига таъсир қилиши мумкин бўлган бошқа ўзгаришлар натижасида келажакда фақат кенгаядиган амалиёт қўлланиляпти», — деди Жамшид Абруев.

Унинг маълум қилишича, «Ягона ижтимоий таъминот реестри»да эҳтиёжманд шахслар ва уларнинг алоқа рақамлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд. Уларга бир марталик тўлов тайинланганлиги тўғрисида хабар олишлари керак.

Вазир ўринбосарининг аниқлик киритишича, ишчи гуруҳлар эҳтиёжмандлар учун маблағ тушаётганини назорат қилиб, сўровлар ўтказмоқда. 2021 йилда қонунбузарликлар аниқланмади, яъни барча ажратилган маблағлар кам таъминланган оилаларга етказилди, деди у.

Нима учун тошкентликлар кўпроқ миқдорда пул олади, деган саволга Молия вазирлиги раҳбари ўринбосари шундай деди: «Иқтисодий ривожланиш вазирлиги тизимидаги муассасалар ҳудудлар кесимида истеъмол даражасини ўрганишди. Тошкентда ҳар доим юқори нархлар кузатилади. Нархларнинг ўзгариши биринчи навбатда Тошкентга таъсир қилади. Олдинда бизни ун нархини эркинлаштириш кутиб турибди, бу ҳам пойтахтга кўпроқ таъсир қилади».

Жами 2,2 трлн сўмнинг 600 млрд сўми Пенсия жамғармасига қўшимча тушумлар ҳисобидан, қолган 1,6 трлн сўми давлат бюджетининг қўшимча даромадлари ҳисобидан тўланади.

«Ушбу пулларнинг тўланиши муносабати билан давлат харажатларининг бир қисмини кейинги йилга кўчириш режалаштирилган. Молия вазирлиги Ҳисоб палатаси билан биргаликда оптималлаштириладиган ёки ўтказиладиган харажатларни белгилайди», — деди у.

Жамшид Абруев йил охиригача бюджет тақчиллигини йил бошида тасдиқланган 3 фоиз доирасида сақлаб қолиш мумкинлигини таъкидлади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.