Тошкентда ИИБнинг икки нафар ходими йигит ва қизни калтаклаганликда айбланмоқда. Ҳолат бўйича суриштирув олиб борилмоқда

Улашиш:

Тошкентда ИИБнинг икки нафар ходими   йигит ва қизни калтаклаганликда айбланмоқда. Ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Бу воқеа ҳақида жабрланган фуқаролар зўравонликка қарши NeMolchi.uz. лойиҳасига айтиб беришган.

"7-8 июнга ўтар кечаси икки нафар ҳуқуқ-тартибот идораси ходими мени ва дўстимни шафқатсизларча уришди, бурнимни синдиришди, кўкрак ва қорин қисмларига тепишди, жинсий зўравонлик билан таҳдид қилишди, ҳақоратлашди. Йигитим қарийб ҳушидан кетгунча калтакланди, мияси чалқайган, қон қўйилган, кўплаб гематомалар олган",- деди калтакланган қиз.

Ёшларнинг сўзларига кўра, ходимлар ҳужжатларини текшириш учун уйларининг яқинида уларга мурожаат қилишган. Йигит ва қиз ҳужжатларни тақдим этишган. ИИБ ходимлари ҳужжатларни текширган бўлишсада, барибир бўлимга олиб боришларини айтишган. Қиз ҳеч қаерга кетмаслигини,    бунга ҳеч қандай сабаб йўқлиги айтган, лекин ходимлар уларнинг қўлини қайириб, машинага босишган. Қиз воқеани телефонига ёзиб олган, аммо ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари телефонларни олиб, барча ёзувларни ўчириб ташлашган. Йигит ва қиз Мирзо-Улуғбек   тумани ИИБга олиб борилган, маълумотлар базасидан улар текширилиб, қонунбузарликлари йўқлиги боис қўйиб юборилган.

Бироқ, икки нафар ИИББ ходими уларни қаергадир олиб кетмоқчи бўлишган. Қиз яна ҳеч қаерга бормаслигини ва уйига кетишини айтган. Бунга жавобан ходимлардан бири унинг қўлидан тортиб, машинагача судраб борган, қизни машинага тиқиб, бор кучи билан юзига урган ва бурнини синдирган. Йигит унинг тарафини олмоқчи бўлган, лекин унинг ҳам қўлини қайириб, кишан солишган, бир неча марта уриб, машинага жойлашган.

Йўлда қиз уларни қаерга олиб боришаётганини сўраган, аммо ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари устидан кулиб, жинсий зўравонлик билан таҳдид қилишган. Йигит яна қизнинг тарафини олмоқчи бўлганида машинада унинг бошидан таёқ билан уришган, қўлида кишани борлиги учун йигит ўзини ҳимоя қила олмаган. Кейин уларни машинадан чиқариб, бор кучлари билан бирга яна калтаклашган.

Қиз қўрққанидан қочиб кетмоқчи бўлган, лекин ходимлардан бири уни ушлаб олиб, кўкрагига ва қорнига тепган, кейин уни машинага қамаб қўйган. Қиз ёрдам сўраш учун рацияни олмқочи бўлганида яна уни уришни бошлаганлар.

Шундан сўнг улар учинчи сонли ИИБга олиб борилган. Қизнинг ҳайз кунлари бўлгани учун қорнига берилган зарбадан қон кетиш бошланган, аммо бўлимда унга ёрдам кўрсатилмаган, ҳатто сув ҳам берилмаган. У аввал хонада уни ёлғиз қамаб қўйишган, сўнгра маст эркаклар билан кичкина хонага қўйишган, ўтирадиган жой йўқлиги сабабли стул беришган холос. Қиз дорихонага боришини илтимос қилган, бунга жавобан ходим уни ҳақорат қилган, яна сўккан ва таёқ билан урмоқчи бўлган. Уларнинг ҳибсга олинганликлари тўғрисида ҳеч ким қариндошларини хабардор қилмаган, уларнинг ўзларига биров билан боғланишга рухсат беришмаган.

Эртаси куни эрталаб қизнинг қариндошлари танишлари орқали унинг қайси бўлимда эканлигини билиб олишган. Улар бўлимга келиб, тасодифан уни ва йигитни деразадан кўриб қолишган. Синглисининг сўзларига кўра, жабрланувчи қўрқитилган, унга нафақат жисмоний, балки маънавий жароҳатлар ҳам етказилган. Улар жароҳатларни суратга олиб, ходимлар устидан ариза ёзишган.

Nemolchi.uzнинг сўровига кўра Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ушбу ҳолат бўйича текширув олиб борилаётганини, ходимларга нисбатан хизмат текшируви тайинланганини билдирган. ИИББ қатъий ва принципиал иш тутиши ва айбдорлар қонунга мувофиқ жавоб беришини таъкидлаган.

UPD: Мирзо-Улуғбек тумани прокуратураси Тошкентда йигит ва қизнинг икки нафар ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари томонидан калтакланиш эҳтимоли бўйича тергов қадар текширув ўтказмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.