Ўзбекистонда «тонировка» рухсатномаси автомобиль сотилганда ва давлат рақами ўзгартирилганда ҳам сақланиб қолади

Улашиш:

Ўзбекистонда «тонировка» рухсатномаси автотранспорт воситасининг эгаси ўзгарганда ёки давлат рақами алмаштирилганда ҳам сақланиб қолади. Бу ҳақда «Автотранспорт воситаларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори келтирилган.

Ҳужжат билан Ички ишлар вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 сентябрга қадар ойналари тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсат берилган автотранспорт воситасига бўлган эгалик ҳуқуқи ўзгарганда, давлат рақами белгиси алмаштирилганда ёки автотранспорт воситаси эгасининг маълумотларида ўзгариш бўлганда автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) берилган рухсатноманинг амал қилиш муддатини автоматик тарзда сақлаб қолиш тартибини жорий этиш топширилган.

Ҳозирда «тонировка» учун рухсатнома 1 йил муддатга берилади.

Бундан ташқари, автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш Ягона интерактив давлат хизматлари портали билан бир қаторда ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари томонидан ҳам амалга ошириш тартиби жорий этилади.

Шу билан бирга, 2022 йил 1 июлдан бошлаб:
  • енгил автотранспорт воситаларининг орқа ён ойналари тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун рухсатнома олиш тартиби бекор қилинди;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг енгил автотранспорт воситалари олд ён ойналари тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома берганлик учун тўлов миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз баравари (2,4 миллион сўм) этиб белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йил 1 сентябрдан ҳайдовчилардан транспорт бошқариш учун ишончнома ва «тонировка» рухсатномасини талаб этиш тартиби бекор қилинган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.