Президент Шавкат Мирзиёев Ҳужраи саодатда Муҳаммад алайҳиссаломга салавот ва саломлар айтди

Улашиш:

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига давлат ташрифи бошланди. Давлат раҳбари биринчи бўлиб Мадина шаҳрида бўлиб, Масжидун Набавийни зиёрат қилди. Ҳужраи саодатда Муҳаммад алайҳиссаломга салавот ва саломлар айтди. Ўзбекистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилаб, дуо қилинди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига давлат ташрифининг биринчи манзили — муқаддас Мадина шаҳрига келди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Шаҳзода Муҳаммад бин Абдулазиз номидаги халқаро аэропортда уни Мадина минтақаси раҳбарлари кутиб олди. Қисқа суҳбатдан сўнг, Шавкат Мирзиёев мусулмонларнинг муқаддас зиёратгоҳларидан бири — Масжидун Набавийга йўл олди.

Давлат раҳбари Мадинада Масжидун Набавийни зиёрат қилди.

«Шавкат Мирзиёев ушбу масжидга келиб, Ҳужраи саодатга тавозе билан кирди, Муҳаммад алайҳиссаломга салавот ва саломлар айтди. Халқимизга тинчлик ва фаровонлик тилаб, дуо қилинди», — дейилади хабарда.

Давлат раҳбари Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратлари ва ислом цивилизацияси музейи билан ҳам танишди.

Қайд этилишича, музей кенг қамровли иккита мавзуни ўзида акс эттирган. Биринчиси, Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаёт ва фаолиятлари, иккинчиси, ислом маданияти ва илм-фанининг шаклланиши, унинг ижтимоий-маънавий ҳаётга таъсири. Булар ҳақда кўргазмали экспонатлар ва визуал технологиялар воситасида, бир неча хорижий тилларда маълумот берилади.

Президент музейни кўздан кечириш асносида саудиялик олимлар билан ислом дини тарихи, ўзбек ва араб халқларини боғловчи ришталар ҳақида фикр алмашди.

Доктор шайх Носир Заҳроний музейдаги маълумотлар Имом Бухорий ва Имом Термизий асарларидан олинганини айтди. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда бу улуғ алломалар номи билан илмий марказлар ташкил қилингани, ислом маданияти обидалари асраб-авайланаётганини таъкидлаб, олимларни Ўзбекистонга таклиф қилди.

Давлат раҳбари Мадинани зиёрат қилиб юрган ватандошлар билан ҳам суҳбатлашди. Шундан сўнг, Жидда шаҳрига жўнаб кетилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.