Тошкентда Афғонистондан келтирилган гиёҳванд моддалари ортилган “Матиз” ушланган

Улашиш:

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Тошкентда “Матиз” русумли автомобилни тўхтатишган. Уни текшириш чоғида йирик миқдордаги гиёҳванд моддалари топилган. 

Машинада икки нафар чет эл фуқароси бўлган, уларнинг ёнидан 23 килограмм 52 грамм афюн ва 30 килограмм 122 грамм наша топилган. Гиёҳванд моддалар процессуал тартибда мусодара қилинган ва расмийлаштирилган. Маълум бўлишича, ушбу наркотик моддалари афғонистонлик наркокурьерлар томонидан мамлакатимизга контрабанда йўли билан олиб кирилган.

Яна бир ҳолатда, илгари чет элда содир этган оғир жинояти учун судланган ва жазони ўтаган Денов туманида яшовчи 56 ёшли фуқаро бошқарувидаги “Лаcетти” автомобили Термиз шаҳрида тўхтатилиб, кўрикдан ўтказилган. Унинг автомобилидан афғонистонлик наркофурушлар томонидан контрабанда йўли билан олиб кирилган 39 килограмм 520 грамм наша топилган.

Бундан ташқари, тинтув пайтида кучишлатар тузилмаси ходимлари илгари гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларда айбланиб судланган Денов туманида яшовчи 55 ёшли фуқаронинг уйидан сотиш учун сақланган 2 килограмм 396 грамм афюн моддасини топишган.

Амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида жами 25 килограмм 448 грамм афюн ва 69 килограмм 642 грамм наша мусодара қилинган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноий ишлар қўзғатилган, тергов ишлари олиб борилмоқда.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.