Путиннинг қиёфадоши: «Мен уни ёмон кўраман!»

Улашиш:

Интернетни излаштирсангиз, Путиннинг қиёфадошлари кам эмас. Лекин, аллақандай фарқлар улар Путин эмаслигини фош қилади. Аммо Славамир Сабола Путинга жудаям ўхшайди. Шунинг учун ҳам Германия киносаноати ижодкорлари  Россия-Украина уруши ҳақидаги кўп серияли фильмига айнан уни актёр сифатида таклиф қилган.

Германия киносаноати томонидан суратга олинаётган фильмда ҳамюртимиз Умиджон Исабаев эса Зеленский образини яратмоқда.

Умиджоннинг айтишича, тасвирга олиш майдончаси нафақат Путиннинг қиёфадоши Славамир Сабола, балки Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг қиёфадоши Ҳовард Икс билан ҳам биргаликда ижод қилиш, тажриба алмашиш, шунингдек, дўстлик майдони бўлмоқда.

Йигитлар май ойидан буён съемкалардан бўшамайди. Тағин тасвир олиш жараёнлари бирда Польшада, бирда Германияда, бир қарасангиз Индонезияда ўтаяпти. Яқинда улар бир неча ҳафта Канадада сафарда бўлдилар.

«Канада иқлими Украина об-ҳавосига ўхшаш жиҳатлари борлиги учун шу мамлакатдаги майдонлар бизга қўл келди», дейди Умиджон. Сафарда кетма-кет, тиғиз тасвирга олиш жараёнларидан кейин шу кунларда йигитларга таътилга чиқишган.

Польшада, ўз оиласи даврасида ҳордиқ чиқараётган Славамир «Xabar.uz»га шундай дейди: «Мен аввал Путинни ҳурмат қилардим, лекин «ҳарбий операция» деб Украинага босқинчилигидан кейин, энди уни ёмон кўраман. Путинга қиёфадош бўлишим? бу менинг сийратим ҳам унга ўхшаш дегани эмас. Мен урушни ҳам ёмон кўраман. Бегуноҳ одамлар, ҳали яшаши керак бўлган аёллар, болалар ўлишини истамайман.  Киностудия билан шартномамда мен актёр сифатида имзо чекканман. Яъни фақат саҳнада жоҳил, калтабин раҳбар ролини ижро қиламан, холос».

Славамир уруш тезроқ тугашини истовчи миллионлардан бири эканини таъкидлади. 

Фильм ҳақида тўлиқ маълумотни тақдим қилиш мумкин эмаслиги ҳақида актёрларнинг шартномасида махсус банд бор. Шу сабаб бу борада уларни саволга тута олмаймиз.

Аммо фильм эзгуликлар ғалабаси акс этган саҳна билан тугашини тилаб қоламиз.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.