Энергетика вазирлиги қўшимча тўлов ва фоизларсиз уй учун қуёш панелларини бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олиш имкониятлари хусусида айтиб берди

Улашиш:

Энергетика вазирлиги қўшимча тўлов ва фоизларсиз уй учун қуёш панелларини бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олиш имкониятлари хусусида айтиб берган. 

Эслатиб ўтамизки, Энергетика вазирлигининг бюджетдан ташқари тармоқлараро энергия тежаш жамғармасининг онлайн платформаси орқали фойдаланган ҳолда истеъмолчилар мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қуёш ва шамол электростанциялари ҳамда қуёш сув иситгичларини 3 йилгача фоизсиз бўлиб бўлиб тўлаш шарти билан харид қилишлари мумкин.

Ўрнатилган ҳар бир ускуна учун унинг қувватига қараб 15 миллион сўмгача, ушбу энергия манбаларига асосланган сув иситиш ускуналари учун эса 2 миллион сўмгача компенсация берилади. Бундан ташқари, компенсация ўрнига, ускунани фоизсиз 3 йил давомида қисмларга бўлиб харид қилиш мумкин бўлади.

Масалан, дейлик бир оила сувни иситиш учун ойига ўртача 195 минг сўм сарфлайди. Агарда 200 литр ҳажмдаги 6 миллион сўмлик қуёш сув иситгичини ўрнатилса, давлатдан 2 миллион сўм компенсация олади. Ойлик харажатларни тежаш орқали сув иситгичи 21 ой ичида ўзини оқлайди.

Агар оила компенсация ўрнига қисмларга бўлиб тўлашни танласа, ойлик тўлов 170 минг сўмни, яъни жорий ойлик харажатларидан ҳам кам суммани ташкил этади ва уч йилдан сўнг иссиқ сув олиш ҳеч қандай харажатларни талаб қилмайди.

Платформа орқали қуёш панел харид қилиш истагини билдирган фуқаро https://energymarket.uz/ платформасидан рўйхатдан ўтиши керак. Рўйхатдан ўтиш жараёнида махсус анкета саволларига батафсил жавоб берилади. Aризани тўлдириш жараёнида Битим тури бўлимидан Муддатли тўловга олиш қисмини танлаш керак. Шу билан бирга, платформа маркетплейсида жойлаштирилган қайта тикланувчи энергия манбаларини нархи ва техник тафсилотлари билан танишиб чиқиб, ўзига мақул бўлганини танлайди ва буюртма юборади.

Ушбу буюртма ишлаб чиқарувчига келиб тушади ва ишлаб чиқарувчи томонидан буюртмачининг (зарур ҳолда биргаликда қарз олувчи ёки кафил) тўлов қобилияти ва ускунани ўрнатмоқчи бўлган жой хам ўрганилади. Ижобий тавсиянома берилган тақдирда ускуналарни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан ишлаб чиқарувчи ва фуқаро ўртасида шартнома онлайн тарзда имзоланади. Шартномада кўрсатилган қайтариш графигига асосан буюртмачи ойма-ой ишлаб чиқарувчига қарздорликларни тўлаб боради.

Истеъмолчи томонидан қуёш панеллари ёки қуёш сув иситгичлари сотиб олиш жараёнида ҳеч қандай тижорат банкларига мурожаат қилинмайди, барча жараёнлар онлайн платформа орқали амалга оширилади. Ишлаб чиқарувчига ариза келиб тушган кундан бошлаб 10 иш кунида истеъмолчига қуёш панеллари ўрнатиб берилади ва фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш шарти асосида 3 йиллик тўлов графики тақдим қилинади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.