Эпицентри Тожикистонда бўлган зилзила деярли бутун Ўзбекистон бўйлаб сезилди

Эпицентри Тожикистонда бўлган зилзила деярли бутун Ўзбекистон бўйлаб сезилди

Пайшанба куни эрталаб соат 5:40 атрофида Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида 3−4 балли зилзила сезилди, эпицентр Тожикистонда бўлган. Тошкент аҳолисининг айтишича, силкинишлар узоқ давом этган.

23 февраль куни эрта тонгда — Тошкент вақти билан 5:37 да Тожикистонда 5,8 магнитудали зилзила содир бўлди. Унинг эпицентри Тоғли Бадахшон автоном вилоятининг Мурғоб тумани ҳудудига тўғри келди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълумотларига кўра, ер силкинишлари Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида сезилган.

Чуқурлик 147 км. Зилзила эпицентри Тошкентдан 435 км жануби-шарқда.

Ўзбекистон ҳудудида сезилиш кучи:

  • Фарғона вилоятида 4 балл, 227 км;
  • Андижон вилоятида 4 балл, 256 км;
  • Наманган вилоятида 4 балл, 294 км;
  • Сирдарё вилоятида 3−4 балл, 413 км;
  • Тошкент шаҳрида 3−4 балл, 435 км;
  • Жиззах вилоятида 3−4 балл, 467 км;
  • Сурхандарё вилоятида 3 балл, 509 км;
  • Самарқанд вилоятида 3 балл, 523 км;
  • Қашқадарё вилоятида 3 балл, 614 км;
  • Навоий вилоятида 3 балл, 666 км;
  • Бухоро вилоятида 3 балл, 739 км.

Марказ, шунингдек, ерости силкинишлари Хоразмда 2−3 балл ва Қорақалпоғистонда 2−3 балли бўлганини билдирганди, бироқ кейинчалик бу вилоятлар хабардан олиб ташланди.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Биринчи зилзиладан кейин Тожикистонда яна қатор ер силкинишлари содир бўлди: соат 05:55 да — 4,7 магнитудали (чуқурлиги — 136 км), 06:06 да — 4,2 (15 км), 06:35 да — 4,5 (167 км), 07:07 да — 4,2 (190 км), 07:18 да — 4,5 (135 км).