Қўшиб ёзиш бўйича прокуратура ўрганиш ўтказади

Улашиш:

Прокуратура Экология, атроф-муҳитни мухофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдухакимовнинг Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида “Яшил макон” лойиҳаси мониторингида аниқланган камчиликлар бўйича маърузасига изоҳ берди.

4 июл куни бўлиб ўтган йиғилишда вазир Абдуҳакимов лойиҳада камчиликлар хусусида баёнот берган. 

“Навоий вилоятида 959 минг, Тошкент вилоятида 564 минг, Фарғона вилоятида 465 минг, Қашқадарё вилоятида 227 минг туп кўчат қўшиб ёзилгани аниқланган”, – дейди вазир.

Маълум бўлишича, 1,8 миллион туп кўчатни сақлаш ва парваришлаш учун тегишли масъуллар белгиланмаган. Бу борадаги энг ачинарли аҳвол Фарғона вилоятида. У ерда 415 минг туп кўчатга ҳеч қандай масъул белгиланмаган. 

Бундан ташқари, 7,3 миллион туп кўчат суғориш тизимлари мавжуд бўлмаган ҳудудларга экилган.

Мазкур ялпи мажлисда Бош прокуратуранинг  Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Ўктам Ўтаев иштирок этиб, маърузада келтирилган камчиликлар Бош прокуратура томонидан алоҳида назоратга олинган, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Ҳозирда Бош прокуратура ва вазирлик мутахассисларидан иборат тузилган ишчи гуруҳ ҳолатга қонуний баҳо бериш ва айбдор шахсларга нисбатан тегишли чора кўриш юзасидан ўрганиш ишларини  бошлаган.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.