12 нафар ҳоким ишдан бўшатилди, Бош прокуратура уларнинг фаолиятини текширади

Улашиш:

Шавкат Мирзиёев 10 та туман ва 2 та шаҳар ҳокимини инвестиция кўрсаткичи қониқарсизлиги учун ишдан бўшатиш бўйича топшириқ берди. Бош прокуратура ва Ҳисоб палатасига уларнинг фаолиятини ўрганиб, қонун устуворлигини таъминлаш вазифаси юклатилди.

Шавкат Мирзиёев президентликка қайта сайланганидан кейин 11 июль куни ўтказган илк видеоселекторида 12 нафар ҳокимни ишдан бўшатиш бўйича топшириқ берди.

Унинг матбуот котиби хабар қилишича, ушбу туман ва шаҳар ҳокимлари фаолиятида инвестиция муҳити қониқарсизлиги, кўрсаткичлар пастлиги танқид қилинди.

Шунга кўра, президент Амударё, Қўрғонтепа, Бухоро, Миришкор, Чироқчи, Хатирчи, Пайариқ, Оқолтин, Гулистон, Оққўрғон туманлари, Навоий ва Янгийўл шаҳарлари ҳокимлари фаолиятини текширишни буюрди. Бош прокуратура ва Ҳисоб палатаси ушбу ҳокимлар фаолиятини ўрганиб, қонун устуворлигини таъминлайди.

Шунингдек, йиғилишда 2023 йилги инвестиция ва ҳудудий дастурлар доирасида жами 20 млрд доллар хорижий сармояларни ўзлаштириш белгилангани айтилди.

Бу борадаги ижобий тажриба сифатида ўтган олти ойда Андижон шаҳри, Булоқбоши, Ромитан, Ғаллаорол, Фориш, Кармана, Давлатобод, Чуст, Каттақўрғон, Сирдарё туманларининг ҳар бири 50 миллион доллардан кўп тўғридан-тўғри инвестиция олиб келингани қайд этилди. Натижада ушбу туманларда жами 50 мингта янги иш ўринлари, қўшимча 1 триллион сўм тушум пайдо бўлди, дейилади хабарда.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.